Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда педиатрлар съезди ўз ишини бошлади

Тошкентда педиатрлар съезди ўз ишини бошлади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Тошкентда мамлакатимиз педиатрларининг VIII съезди ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Cъездда Россия, АҚШ, Германия, Италия, Литва, Туркия, Болгария, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа хорижий мамлакатлардан 60 дан ортиқ таниқли олимлар, етакчи мутахассис ва шифокорлар иштирок этмоқда.

Тадбирда 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясига кўра ҳудудлар миқёсида муаммолар муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар режасига ва ҳудудларда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш ҳамда республикада педиатрия хизматини ривожлантиришнинг асосий тенденциялари, истиқболлари ва уларга эришиш йўлларини белгилашга, янги ишлаб чиқилган инновацион технологиялар ҳамда уларни амалиётга кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу Концепциянинг 2019-2021 йилларда амалга оширилиши доирасида бир нечта меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун ва “Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Куни кеча «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тадбирда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов болаларга педиатрия соҳасида ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, перинатал, cкрининг, aҳоли репродуктив саломатлик марказлари ва унинг қуйи тизимлари ҳам ташкил этилганини, болаларда учрайдиган кардиохирургия, оториноларингология, нейрохирургия ва бошқа соҳаларда туғма ва орттирилган касалликларда реконструктив-тикловчи ва эндоваскуляр операциялар муваффақиятли ўтказилаётганини алоҳида таъкидлади.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, ушбу йўналишда тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва мутахассисларнинг малакасини оширишга ҳам катта эътибор қаратилди. Охирги икки ярим йил ичида 150 дан ортиқ мутахассис хорижий мамлакатларнинг етакчи университет ва клиникаларида малака ошириб қайтишган.

Тиббиёт тизимида амалга оширилган бундай муҳим ислоҳотлар натижасида гўдаклар, неонатал ва болалар ўлими кескин камайиши кузатилди. Сўнгги уч йил ичида гўдаклар ўлими 11,4 промиллидан 9,9 промиллига камайди.

Тадбир доирасида болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш, хусусан, касалликлар профилактикаси, ташхислаш ва замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг қўллаш бўйича ўзаро мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг