«Транспорт тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши мумкин
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти янги таҳрирдаги «Транспорт тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Қайд этилишича, бугунги кунда мазкур соҳани тартибга солишга қаратилган 224 та яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 8 та Қонун, 42 та Президент ҳужжатлари (6 таси Фармон, 36 таси қарор), 132 та Ҳукумат ҳужжатлари, 42 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.
Мазкур ҳужжат эса «Ўзбекистон – 2030» Стратегияси 80-позициясида белгиланганидек, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш амалиётини кенгайтириш мақсадида эълон қилинмоқда.
Шу билан бирга, транспорт соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари таҳлил қилинганда, ушбу соҳани тартибга солиш билан боғлиқ бир қанча муаммолар мавжудлиги аниқланган.
Янги таҳрирдаги «Транспорт тўғрисида»ги қонун лойиҳасида 4 та Қонун, жумладан «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги, «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги, «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги ҳамда «Транспорт тўғрисида»ги қонунларни ягона қонунга бирлаштириш (унификация) назарда тутилмоқда.
Шунингдек, юқорида назарда тутилган қонунлардаги фуқаролик муносабатларни тартибга солувчи нормаларни Фуқаролик кодексига ўтказиш орқали, бирлаштирилган қонун лойиҳасида фақат маъмурий муносабатларни белгилаш ҳамда амалда қонун даражасида белгиланмаган ижтимоий муносабатларни қонун даражасида белгилаш режалаштириляпти.
Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида қонуности ҳужжатлар билан белгиланган, бироқ қонун даражасида тартибга солиниши лозим бўлган нормаларни қонун даражасида белгилаш ва 15 та қонун ҳужжатини (5 та – тўлиқ, 10 та – қисман) ўз кучини йўқотган деб топиш каби нормалар акс этади.
Янги таҳрирдаги «Транспорт тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 11 та боб
(2 тага кўпайган), моддалар сони эса 64 тани (19 тага кўпайган) ташкил этади.
Таъкидланишича, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида ушбу соҳани бевосита тартибга солувчи қонунлар миқдори 37 фоизга (8 тадан 5 тага) камаяди.
Лойиҳада қонун қабул қилиниши муносабати билан уни амалга ошириш учун зарур бўлган қонуности ҳужжатларини қабул қилиш назарда тутилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter