USAID ҳунарманд аёллар ўртасида бизнес ғоялар танловини эълон қилди
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида ҳунармандчилик корхоналари ва якка тартибдаги ҳунарманд аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнес ғоялар танловини эълон қилди.
АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси томонидан ажратиладиган маблағ корхоналар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга қўшимча қиймат қўшиш, янги бозорларга чиқиш, иш ўринлари яратиш, савдо ҳажми ва даромадни ошириш каби мақсадларда сарфланади.
Танловга аризалар 2022 йил 15 февралига қадар қабул қилинади. Танлов шартлари ва ариза намунаси билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Сир эмас, иқтисодий қийинчиликлар аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, айниқса, қишлоқ аёлларига кучлироқ таъсир кўрсатади. Мамлакатимизда қишлоқ аёлларининг катта қисми одатда деҳқон хўжаликларида мавсумий меҳнат билан шуғулланади ёки малака талаб этилмайдиган қўл меҳнати билан боғлиқ ишларни бажаради. Билим ва молиявий ресурслар етишмаслиги аёлларнинг фермерлик ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига тўсқинлик қилади.
USAID 2021 йилда Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси орқали ўзбекистонлик аёлларни иш топиш ва янги корхоналар очишда қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Маълум қилинишича, мазкур маблағларни самарали тақсимлаш мақсадида тузилган жамғарма якка тартибдаги ҳунарманд аёлларга 5 миллиондан 50 миллион сўмгача, рўйхатдан ўтган ҳунармандчилик корхоналарига 50 миллиондан 200 миллион сўмгача бўлган миқдорда маблағ ажратади. USAID хотин-қизлар ва ёшларни бошқарув, техник ёки бошқа турдаги раҳбарлик лавозимларига ишга қабул қилишни истаган корхоналар фаолиятини молиялаштиришга айниқса катта қизиқиш билдирган.
Қайд этилишича, ушбу ташаббус USAIDнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликдаги беш йиллик Aгробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Халқаро агентлик Ўзбекистон ҳукумати билан иқтисодиётни диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан, COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон адлия вазирлиги USAID билан 10 миллион долларли қўшма дастурни амалга оширмоқда. 3 йиллик дастур қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш каби саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
Ўтган йил охирларида эса АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги COVID-19 пандемиясига қарши кураш доирасида Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратилишини маълум қилди. Шу тариқа мазкур мамлакатнинг пандемияга қарши кураш бўйича глобал чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистонга ажратган кўмаги 16 миллион доллардан ошди.
USAID «камбағаллар касаллиги» деб аталган сил хасталигининг олдини олиш, барвақт аниқлаш, даволашнинг замонавий усулларини амалга татбиқ этиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter