Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Устюртда маҳаллий иқлимга мослашган сайғоқлар кўпаймоқда

Устюртда маҳаллий иқлимга мослашган сайғоқлар кўпаймоқда

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган «Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисида»ги Конвенция (CMS COP14) доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу хужжат муҳим аҳамиятга эга бўлиб, хусусан икки давлат ўртасида кўчиб яшовчи сайғоқларни сақлаб қолиш бўйича олиб бориладиган ишларни енгиллаштириши кутилмоқда.

Ер шарининг атиги бешта ҳудудида сайғоқлар яшайди. Шулардан бири Устюрт кенгликларидир. «Қизил китоб»га киритилган сайғоқлар ҳудуд экотизимини сақлашда муҳим аҳамият касб этиб, чўлларнинг асл табиий мувозанатини барқарорлаштириш учун хизмат қилади.

Аммо сайғоқларнинг кўпайишига тўғаноқ бўлиб турган замонавий факторлар мавжуд бўлиб, энг аввало Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида чегараларга симтўр тортилганини кўрсатиб ўтиш лозим. 2011 ва 2012 йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижасида сайғоқлар симтўр бўйлаб юргани ва доимий қишлов жойи бўлган Устюрт кенгликларига ўта олмай қолгани далиллар билан тасдиқланган эди.

Шунингдек Қозоғистон ҳудудида Жезказган-Бейнау маршрути бўйича қурилган темир йўли ҳам миграция жараёнига зарар етказди. Ушбу лойиҳа сайғоқларнинг бир йўла икки тури – Бекмакда ва Устюрт сайғоқларнинг миграциясини тўсиб қўйди. Оқибатда Қозоғистон ҳудудида мавжуд бўлган ҳайвонлар тўдаси Ўзбекистон даштларига ўта олмай қолди.

Эътиборли томони, ушбу ҳолат Ўзбекистон ҳудудида алоҳида тур вужудга келишига сабаб бўляпти. Чегарага симтўр ўтказилиши оқибатида Қозоғистонга ўта олмай қолган сайғоқлар Устюрт ҳудудида доимий равишда қолдилар ва маҳаллий иқлимга мослашиб кетдилар. Бугунги кунга келиб ушбу тур адади 300-400 бошни ташкил қилади.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган CMS COP14 ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Қозоғистон Республикаси экология ва табиат ресурслари вазири ўринбосари Нуркен Шарбиев ўртасида меморандум имзоланди.

Меморандум доирасида Устюрт платосида ёввойи ҳайвонларнинг трансчегаравий популяциялари ва уларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлашни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилади ва чора-тадбирларнинг «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади. Ҳужжат қуйидагиларни таъминлайди:

— кўчиб юрувчи турларнинг мувофиқлаштирилган мониторинги, тадқиқи ва инвентаризацияси;

— ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни сақлаш;

— трансчегаравий муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ва миграция коридорларини яратиш;

— ҳайвонот дунёси ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва экотуризмни ривожлантириш имкониятларини ўрганиш;

— мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш;

— кўчиб юрувчи турларни сақлаш соҳасида замонавий ва инновацион технологияларни танлаш ва қўллаш бўйича маслаҳатлашувлар;

— кўчиб юрувчи ҳайвонларни ноқонуний ва/ёки асоссиз тутишга, шу жумладан, браконерлик ва ёввойи ҳайвонлар ҳамда уларнинг ҳосилалари контрабандасига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва кучайтириш;

— қўшма илмий-амалий семинарлар ва конференциялар ўтказиш;

— қўшма илмий ва илмий-оммабоп нашрларни тайёрлаш ва чиқариш;

— яшаш муҳитининг парчаланиши ва деградациясининг олдини олиш чоралари;

— «Йўл харитаси»нинг тегишли чора-тадбирларини амалга ошириш учун инвестициялар ва маблағларни жалб қилиш.

Таъкидлаш жоизки, келишув 2023 йилда Бутунжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилган «Турон мўътадил чўллари» трансмиллий Бутунжаҳон табиий мероси объектини сақлаш бўйича Марказий Осиё давлатларининг мажбуриятларини бажариш мақсадида имзоланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг