Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хивадаги машҳур Ичан-қалъада яшовчилар ўз уйига 10 минг сўм тўлаб кирмоқда

Хивадаги машҳур Ичан-қалъада яшовчилар ўз уйига 10 минг сўм тўлаб кирмоқда

Фото: «Anhor.uz»

Хивадаги машҳур Ичан-қалъага киришдаги «Ота дарвоза»га турникет ўрнатилди ва қалъа ичида яшовчи аҳоли ўз уйларига 10 минг сўм тўлаб киришмоқда. Бу ҳақда «Анҳор.уз» хабар бериб ўтган.

Ушбу қарор туризмдан тушадиган даромадни ошириш учун чиқарилган, аммо унинг дастидан маҳаллий аҳоли молиявий зарар кўрмоқда. Шу билан бирга Ичан-қалъа музей-қўриқхонаси илмий котиби Дилмурод Бобожонов Ичан-қалъа аҳолиси шаҳарнинг ажралмас қисми экани ва улар ҳеч қаерга кўчирилмаслигини айтиб ўтган.

Аммо ўша аҳоли вакилларидан бўлган нафақадаги отахон вазият ҳақида шундай дейди: «Мен «Ота дарвоза»дан ҳар куни икки марта ўтишимга тўғри келади. Агар ҳар сафар 10 000 сўмдан тўласам, олаётган нафақам етмай қолади».

Ичан-қалъада истиқомат қиладиган яна бир киши эса 10 000 сўм тўламаслик учун ўз уйига айланма йўллардан ўтишга мажбурлигини билдирган: «Қалъага орқа томондан текинга кирса бўлади, аммо анча узоқлик қилади. Агар «Ота дарвоза»дан юрсангиз, пул тўлашга тўғри келади. Яна 25 000 сўмлик чипталар ҳам бор, уни олсангиз музейлар ҳам текин бўлади. Ичан-қалъада яшовчи аҳолига қийин бўлди, энди ўз уйимизга ҳам пул тўлаб кирамиз».

«Биз бу ишни туристлардан тушадиган даромадни ошириш учун қилдик. Аҳоли бошқа томондан кирса ҳам бўлади. Келажакда Ичан-қалъа аҳолиси учун доимий чипталар чиқаришни режалаштирганмиз», — дейди очиқ осмон остидаги музей ходими.

Шу ўринда бир савол туғилади — нима учун аввалига аҳоли ўтиши учун рухсатнома тайёрлаб, кейин турникет ўрнатилмаган? Бундан мақсад ноилож қолган одамларнинг пулини олишми?

Маълумотнома: Хива 1968 йилда тарихан одамлар яшаб келган қадимий шаҳар сифатида ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёдаги бутунжаҳон маданий қадриятлари рўйхатига киритилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг