Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чиқинди қутиси ёнида суратга тушган аёл...

Чиқинди қутиси ёнида суратга тушган аёл...

фото: Дарё. Мадина Нурман

Машина бозорида ғаройиб воқеанинг гувоҳи бўлдим.

Тартиб билан териб қўйилган янги машиналар ёнида тўхтаб, мулк эгасидан нархини сўрай бошладик. Ҳеч қанча вақт ўтмади. Кепка кийган хотин келиб, расмга тушириб қўйишимизни илтимос қилди.

Кейин, сал нарироқда турган яшил рангли  ахлат қутисининг олдида бориб, автомобиль сотувчисидан қайта-қайта кадр олишни сўради.

Ва табиийки, бу ҳолат мени ҳайратлантирди. Аёл, телефонини қайтариб оларкан, мен уни гапга тутдим:

«Ахлат қутиси ёнида туриб расмга тушиш сизга нега керак бўлди?»

Унинг дардини эшитадиган кишига муҳтожлиги дарров  ёзғиришга ўтганидан билинди.

Айтишича, у машина бозорнинг тозалов хизматида ишлайди, яъни фаррош. Ҳар куни ишга келганини шу алфозда исботлаб, бозор маъмуриятига телеграмм орқали расмини юборади.

«Ҳар хил ҳолатлар бўлади, баъзан телефонда пулингиз тугаши ёки интернет трафиги қолмаслиги мумкин, шундай вазиятда нима қиласиз? Ахир, сиз ҳар одимда ҳисоб берасиз... – унинг кўзлари тўлиб турганини сезиб ҳам жавобини кутдим.»

«Унақа ҳолатда ишлолмайман. Телефоним қуввати лиммо-лим туришга мажбур»–деди, эгнидаги кир кийимини эпақага келтираркан.

Мен, кейинги йилларда расм чекинг услуби асосида ишлаётган бир қанча ташкилотлар ҳақида эшитганим бор эди-ю, ахлатчининг ахлат тозалаш манзарасини томоша қилишга ишқибоз маъмурият борлигини тасаввур қилмаган эдим.

«Расм-исбот» тарзида ишлаш қачондан бери, меҳнат шартномаларига кириб улгурди?

Ёки, кунлик ҳаётни давом эттириш учун, тарихга муҳрланиб боришга мажбур қолдими, ходим-ишчилар?

Жуда ажабланарли ишлар!

Мен, бир неча ишхоналарда оз ё кўп, яхши ё ёмон ходим ўлароқ меҳнат қилдим. Йўлга етса, тушликка, болага етса, рўзғорга етмайдиган даражада маош олиб ишлаган йилларим бўлди. Маҳаллийчилик дардига чалинган раҳбар билан ишладим, аммо ташкилотдаги вазифамга сидқидилдан ёндошдим.

Расмиятда белгиланган маошимнинг ҳақини меҳнатим билан олдим.

Ҳеч қандай расм-тасвирларга ҳожат йўқ эди. Шунгами ишлаётганини расмга тушириб исботлаш иш тизими менда ҳайрат уйғотаяпти.

Ва бу каби ёндашувларни ички тартибни ишонч нуқтаи назаридан чўкишга йўналтирилган метод, деб биламан.

Ҳар ким вазифасини сидқидилдан бажарса, бундай оворагарчиликка не ҳожат? Ходимлар ўзининг ишини билиб-билиб қилавермайдими?

Галареядамас, катта давлат ичида яшаймиз-ку!

                                                     Муҳаббат Назар, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг