«Хоразм иши»: эксперт ҳимоясиз қизларни «болахўр ва балохўр»лар қўлига тушишига олиб келган хатоларни санади
Хоразм вилоятидаги давлат мансабдорлари меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини қарийб бир йил давомида жинсий алоқа қилишга мажбурлагани жамоатчиликда кескин эътироз уйғотди. Таълим бўйича эксперт, ўз даврида «Камолот» ёшлар ҳаракатига раҳбарлик қилган Баҳодир Ғаниев ҳимоясиз қизалоқларни «болахўр ва балохўр»лар қўлига тушишига олиб келган хатоларга эътибор қаратди.
Унга кўра, қизларни жирканч аёл қўлига бериб қўйилиши оилавий меҳрибонлик уйлари ходимларини танлаш ва уларга болаларни беришда номзодларни текшириш тизими ишламаслигини кўрсатади.
«Бу аёлга болаларни ўша адлиядаги болахўр каби битта раҳбарча таниш-билишчилик орқали берган бўлиши ҳам мумкин», – дейди у.
Айни чоқда у, маҳалла тизимининг ҳаракатсизлигига эътибор қаратган.
«Оилавий меҳрибонлик уйлари маҳаллаларда жойлашган. Маҳалла деган «мукаммал ва ноёб» тизимда маҳалла раиси бор, профилактика инспектори бор, ёшлар етакчиси бор. Уларнинг энг муҳим вазифаларидан бири – маҳалладаги нотинч оилалардаги болалар ва алоҳида тоифадаги ёшлар ҳолидан хабардор бўлишдир. Улар қаерда эди?» – дея савол қўяди Б.Ғаниев.
Эксперт меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг Миллий гвардияга топширилганини ҳам хато деб атаган.
«Мураккаб масала соҳа эгаси бўлмаган ташкилотга берилган. Ҳарбий билимга эга одамлар ижтимоий иш ва бола ҳуқуқларига оид масалаларни қаердан ҳам билсин, ақли етганича нималарнидир қилган. Айб уларда эмас, масалани уларга топширганлардадир. Ижтимоий ҳимояга оид махсус орган бўлганида, болалар ҳолидан малакали мутахассис доимий равишда хабар олган бўларди», – дея мулоҳазаларини давом эттиради мутахассис.
Қолаверса, ҳафтасига 6 кун мактабга қатнаган қизларнинг зўравонлик қурбони бўлганидан мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, психолог, таълим муассасасига бириктирилган милиция инспектори, ёшлар етакчисининг хабарсиз қолиши савол остига олинган.
Эксперт таъкидича, вояга етмаганларга оид жиноятлар Болалар омбудсманининг қатъий назоратида бўлиши керак. Давлат органи раҳбар ходимининг жирканч хатти-ҳаракатида айбланишини эса ҳуқуқ идоралари назорат қилиши лозим.
«Аммо улар нимагадир кар ва кўрни ёқиб олган ва адолатсизликка йўл қўйган, балки айрим масъуллари кўмаклашгандир ҳам. Юқоридагилардан биронтасига бир йил ёки ундан ҳам кўп вақт давомида ҳам ҳеч қандай сигнал бормаганига ишонмайман. Аммо жим ўтирганлар. Сабаб? Камида масъулиятсизлик ва малакасизлик. Айримлари манфаатдор бўлган бўлиши ҳам мумкин», – дейди Б.Ғаниев.
Айни пайтда жамоатчиликни Хоразмдаги ҳодиса такрорланмаслиги учун нима қилиш керак деган савол қийнамоқда.
«140 га яқин оилавий меҳрибонлик уйларини ўрганиб чиқиш керак, бу ягона ҳолат бўлмаслиги мумкин. Бойларнинг болаларига миллиардларни сарфлаб Президент мактаблари тармоғини яратдик, шу болалар учун ҳам худди шундай шароитдек бир нечта мактабларни ташкил қилса бўлмайдими?» – деб савол қўяди эксперт.
Бундан ташқари, у етимлар, ногиронлар, айрим касалликларга чалинганлар билан ишлаш учун ижтимоий ҳимояга қаратилган махсус орган яратиш, қонунчиликдаги «тешик»ларни ёпиш, мактаб психологларининг ишини кучайтиришни таклиф этган.
Қизлар билан бўлган зўравонликни беркитган ва олдини олишга масъул бўлганлар жазоланиши шартлигини таъкидлаган эксперт мудҳиш жиноятга қўр урган бошқа эҳтимолий айбдорларни ҳам топиш лозимлигини уқтирган.
Кеча, 1 апрель куни Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов 10 ой давомида меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келгани ҳақида хабар берган эдик.
Блогер Никита Макаренко икки судланган «педофил» фақат пирамиданинг тепасидаги пиёдалар экани ҳақидаги тахминни илгари сурган.
Бош прокуратура О.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter