Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Москва суди «мутлақо махфий» деб малакалаган шов-шувли жиноий иш бўйича ҳукм ўқиди

Москва суди «мутлақо махфий» деб малакалаган шов-шувли жиноий иш бўйича ҳукм ўқиди

Фото:AP»

Москва шаҳар суди судьяси Андрей Суворов хориж фуқароси Пол Уиланни жосусликда айбдор деб топиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этди. Айблов томони судланувчини 18 йилга «кесиш»ни сўраган эди. 50 ёшли Пол Уиланнинг ўзи айбловларни буткул рад этди.

Жиноий иш «мутлақо махфий» деб малакалангани сабаби ёпиқ тартибда ўтди. Суд ҳукмининг фақат кириш ва жазо тайинлаш қисмигина ошкор этилди.

Уиланнинг адвокати Владимир Жеребенков 10 кун муддат ичида суд ҳукми бўйича шикоят берилишини маълум қилган.

Ҳукм эълон қилиниши арафасида Пол Уилан айбсизлигини таъкидлаб, судни сиёсий томоша деб атади. Бир пайтнинг ўзида АҚШ, Буюк Британия, Канада ҳамда Ирландия фуқароси бўлган судланувчи ўз мамлакат ҳукумат ва давлат раҳбарларидан кўмак сўради.

Пол Уилан 2018 йил 28 декабрь куни Москвада қўлга олинган. Буюк Британиянинг Guardian нашри  П.Уилан АҚШда россиялик Мария Бутина «Кремль агенти» сифатида ҳибсга олинишидан бир неча ҳафта кейин қамоққа ташланганига эътибор қаратган.

Бунга қадар Россияда бир неча бор меҳмон бўлган П.Уилан сўнгги сафари давомида дўстининг тўйида қатнашишни режалаштирган эди.

Тергов хулосасига кўра, у Америка махсус хизматлари фойдасига жосуслик қилган. Унинг ёнидан топилган флеш картада давлат сири саналган маълумотлар мавжудлиги қайд этилган. Флеш картани Уиланга таниши топширган. Тергов жараёнида Уилан флеш картада махфий маълумотлар эмас, ўша таниши билан тушган суратлари ёзилган деб ўйлаганини маълум қилган.

П.Уиланга кўра, Россия федерал хавфсизлик хизматида ишлаган таниши унга нисбатан провакация уюштирган.

Пол Уилан 1994-2008 йилларда АҚШ қуруқликдаги қўшинида хизмат қилган. Икки бора Ироққа юборилган. Сўнгги пайтларда эса у АҚШдаги фирмаларнинг хавфсизлик бўлимида фаолият юритиб келган. 

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан суд ҳукмидан ҳафсаласи пир бўлгани билдирар экан, Уиланни озод қилиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини маълум қилди.

Буюк Британия элчиси Дебора Броннерт ҳам Россия ҳукумати вакиллари билан музокараларда ушбу масалани кўтаришга ваъда берди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Пол Уилан устидан маҳкама жараёни сиёсий буюртма экани борасидаги фаразларни рад этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг