Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зоологлар кўрсичқон ва тулкилар Сардоба тўғонига таъсир қилмаганини тасдиқлади

Зоологлар кўрсичқон ва тулкилар Сардоба тўғонига таъсир қилмаганини тасдиқлади

Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти зоолог мутахассислари ёввойи кемирувчилар ва бошқа ҳайвонлар фаолиятининг Сардоба сув омбори тўғони ҳолатига таъсирини аниқлаш бўйича Сирдарёда сафарда бўлди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, иш жараёнида гуруҳ томонидан тўғон ёнбағрининг 7 бўлими, тўғоннинг юқори қисмидан эса 31-пикетдан 197-пикетгача текширувлар ўтказилган. Бу ҳудудларда очилиб қолган лой уюмлари ва чўкмалар кузатилган. Текширувлар муҳандис Э.Қаюмов иштирокида ўтказилди.

Маълумотларга кўра, тўғон ёнбағрининг 3 бўлимида оддий кўрсичқоннинг очилиб қолган ин йўллари, тўғоннинг юқори қисмида эса Тамариск қумсичқонининг инлари қайд этилган. Нишаблик бўлимлардан бирининг асосида тулки ини топилган.

«Олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, бу кемирувчилар ҳамда тулкилар кўп сонда эмас ва тўғоннинг яхлитлигига жиддий таъсир кўрсата олмайди. Фанлар академияси Зоология институти мутахассислари ушбу масала юзасидан зарур тавсиялар берди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ интернетда Сардоба сув омбори фожиасига лаққа балиқлар сабаб бўлган бўлиши мумкин экани тўғрисида хабар тарқалганди, бироқ бу версия юзасидан далиллар тақдим этилмагани боис у кўпчилик томонидан жиддий қабул қилинмади, тегишли тузилмалар томонидан расмий муносабат ҳам билдирилмади.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Бош прокуратура Сардоба фалокати юзасидан жиноят иши бўйича 4 та тергов версиясини кўриб чиқмоқда. Ҳозирда сув омбори иши бўйича икки киши қамоққа олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг