Араб давлатлари Исроилни яширинча қўллаб-қувватламоқда
Араб давлатлари жамоатчилик кўз ўнгида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини қоралаётган бўлса-да, парда ортида Тель-Авивни ҲАМАСга қарши курашда дастакламоқда. Бу ҳақда «Bild» нашрининг рус таҳририяти инглиз ва яҳудий матбуотига таяниб хабар берди.
«Араб мамлакатлари жамоатчилик йўриғига юрган ҳолда Исроилни танқид қилмоқда. Аммо уларнинг кўплари, жумладан, Кўрфаз мамлакатлари етакчилари ёпиқ эшиклар ортида Исроил урушни муқаррар ғалаба билан якунлаши ва ҲАМАСни яксон қилишига хайрихоҳлик билдирмоқда», – деб ёзди Германиянинг «Bild» нашри.
Қайд этилишича, араб давлатлари етакчилари ҲАМАС ҳаракатини ўз ҳокимиятини учун таҳдид деб билади.
Аввал хабар берганимиздек, 11 ноябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма мажлисида ҳам Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлаётган Исроилга қарши амалий чоралар кўриш таклиф рад этилган эди.
Риёз учрашувида қатнашган аксар мусулмон давлатлар Исроилни Ғазода оммавий қирғинни тўхтатишга мажбурлаш нефть эмбаргосини қўллаш, Исроил билан дипломатик ва иқтисодий муносабатларни тўхтатиш, АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий базаларидан Исроилга ҳарбий техника етказишига тўсқинлик қилиш, Исроилнинг араб давлатлари ҳаво маконидан фойдаланишини ман этиш каби чораларни таклиф этган.
Исроилни тийишга қаратилган мазкур таклифларга Саудия Арабистони, Миср, БАА, Иордания, Баҳрайн, Судан ва Жибути қарши чиққан.
Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг Исроилни террорчи ташкилот деб эълон қилиш таклифи ҳам рад этилган.
Carnegie таҳлил маркази Яқин Шарқ минтақаси бўйича директори Амр Ҳамзавий фикрича, араб давлатлари аҳолиси ўз ҳукуматларидан Исроилнинг Ғазодаги қирғинини тўхтатиш учун амалий ҳаракатлар талаб қилмоқда. Таҳлилчи намойишлар ҳозирча тинч руҳда экани, аммо фаластинликлар орасида қурбонлар сони ошишда давом этар экан, қўшни араб ўлкаларини ҳам зўравонлик характеридаги норозилик ҳаракатлари авж олишидан огоҳлантирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter