Америкага Мексика ўрмонлари орқали одам юбормоқчи бўлган гуруҳ ушланди (видео)
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний йўллар билан Америка Қўшма Штатларига юборишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай ҳолатга чек қўйилди.
Тадбир давомида Самарқанд туманида яшовчи, 1985 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар шахс Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 2 фуқарони Америка Қўшма Штатларига юбориш учун уларнинг ҳар биридан 30 мингдан, жами 60 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтларида ушланди.
Аниқланишича, уларни «Ўзбекистон-Туркия-Боливия-Колумбия-Мексика-АҚШ» йўналиши орқали Қўшма Штатларга юбориш режалаштирилган.
Шунингдек, уларга йўлга чиқишдан аввал ПЦР-тест маълумотномасига ва ҳисобида 4 минг АҚШ доллари бўлган VISA-картага эга бўлишлари кераклиги ҳамда ҳар бир давлат ҳудудида уларни кузатиб қўювчи шахсларнинг талабларини, жумладан, Амазонка дарёсининг Колумбиядан оқиб ўтувчи қисмидан ва Мексиканинг ўрмонларидан ўтиб олиш бўйича талабларини бажаришлари зарурлиги тушунтирилган.
Бундан ташқари, тадбир давомида ҳибсга олинган шахсларда 60 нафардан ортиқ фуқароларнинг паспорт нусхалари борлиги ҳам аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter