Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистонда беш йиллик йирик дастурни бошлади

АҚШ Ўзбекистонда беш йиллик йирик дастурни бошлади

31 октябрь куни АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Аbt Associates билан ҳамкорликда «Силдан холи Ўзбекистон» деб номланган беш йиллик ташаббусни бошлади.

Мамлакат бўйлаб кенг қамровли қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этиш ва силга қарши муҳим дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш учун 18 миллион доллар сармоя киритилмоқда.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига кўра, «Силдан холи  Ўзбекистон» лойиҳаси Қўшма Штатлар ҳукуматининг сил касаллигининг олдини олиш, аниқлаш, даволаш, стигматизациясини камайтириш,  шунингдек, тиббий ахборот тизимларини такомиллаштириш, шу жумладан, соғлиқни сақлашни молиялаштириш бўйича ислоҳотларга қатъий содиқлигини тасдиқлайди.

Ўзбекистонда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия етган cилга барҳам бериш стратегияси асосида тизимли иш олиб борилмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли силга қарши курашда ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, сил касаллигидан ўлим ҳолати 5 баробарга, силга чалиниш ҳоллари эса 2 баробарга камайди. Аммо мутахассислар бу борада қилиниши керак бўлган вазифалар талай эканини таъкидлайди.

«Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига, шунингдек, аҳоли саломатлиги ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига катта хавф туғдирадиган кўп дориларга чидамли cил касаллигининг юқори кўрсаткичларига дуч келмоқда. Ўзбекистон барқарор ривожланмоқда, аммо сил касаллиги аҳоли саломатлиги учун энг жиддий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда» – дейилади элчихона хабарида.

USAID АҚШ хукуматининг силга қарши кураш бўйича глобал саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилади. Агентликнинг 2023–2030 йилларга мўлжалланган глобал стратегияси силдан холи дунё ҳақидаги тасаввурларни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Халқаро тузилма бу борада Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам фаол ҳамкори ҳисобланади. 1993 йилдан 2023 йилгача АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш соҳасидаги ёрдамининг умумий миқдори 155 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Шундан қарийб 60 миллион доллари сил касаллигига қарши курашга йўналтирилди.

USAID «Global Accelerator to End TB» дастури доирасида Ўзбекистонда ушбу хасталикка қарши курашга кўмаклашиш учун инновациявий ва иқтисодий самарали воситаларни қўллаб-қувватламоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 23-24 октябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган USAID администратори Саманта Пауэр Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14,2 миллион доллар ажратилиши, мазкур маблағ, жумладан,  силга қарши курашга сарфланишини маълум қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг