Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Онахоннинг дафн маросимида қариндошлари иштирок эта олмади – Хайрулло Бозоров (видео)

Онахоннинг дафн маросимида қариндошлари иштирок эта олмади – Хайрулло Бозоров (видео)

Хайрулло Бозоров.

Фото: Xs.uz

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров маҳаллий телевидение орқали қилган мурожаатида вилоятдаги вазият, коронавирусга чалиниб вафот этган 72 ёшли онахоннинг ўлими билан боғлиқ бир оғир ҳолатга алоҳида тўхталди.

– Вилоятимизда коронавирусга чалинганлар сони олтитани ташкил қилмоқда. Туркия давлатидан, Саудия Арабистонидан Умра Ҳажини амалга ошириб келган фуқароларимиздан бир оиладан 5 киши, яна бир оиладан бир кишида – жами олти кишида ушбу касаллик аломатлари аниқланди. Улардан бири – 72 ёшли онахонимиз вафот этди.

Ушбу онахоннинг қизи Умра сафарига Туркия орқали борган ва у ердан 12 март куни қайтиб келган. Ўзбекчиликда Умра ёки Ҳаж сафаридан қайтган кишини кўплар йўқлаб боради. Энг аввало, қариндошлари, оила аъзолари келиб кўради. Ўша аёл 231 нафар киши билан мулоқотда бўлган.

Натижада ушбу оиланинг беш нафар аъзоси, шу жумладан, аёлнинг ўзи ҳам, коронавирусга чалинган. Улар – вафот этган онахон, аёлнинг опаси, мактаб ўқувчиси бўлган қизи ва набираси бор. Ҳозирда бошқа қариндошлар ҳам карантинга олиниб, текширилмоқда.

Бу ҳолатда энг ачинарлиси, қариндошларнинг биронтаси 72 яшар онахоннинг дафн маросимида иштирок эта олмади. Онахонни санитария-эпидемиология назорати ходимлари дафн этишди.

Биринчидан, касалликнинг юқиши, иккинчидан ўлим ҳолати, учинчидан, онахонни сўнгги манзилга унинг оила аъзолари кузата олмагани. Мен ўйлайманки, бу Наманган аҳолисига жуда қаттиқ таъсир қилди. Шахсан менга бу жуда қаттиқ таъсир қилди», – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг