Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Трамп жосуслик фаолиятига доир махфий фармон имзолагани маълум бўлди

Президент Трамп жосуслик фаолиятига доир махфий фармон имзолагани маълум бўлди

Президент Дональд Трамп ҳамда МРБнинг илк аёл раҳбари Жина Ҳаспел.

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат жосуслик идораси – Марказий разведка бошқармаси (МРБ) фаолиятига доир махфий фармонга имзо чеккан. Бунга кўра, МРБга бир қатор мамлакатларга нисбатан киберҳужумларни амалга ошириш учун кенг ҳуқуқлар берилади. Эндиликда жосуслик идораси тезкор операциялар чоғида ҳар бир қадамини Оқ уй билан келишиши шарт эмас.

МРБ компьютер ёрдамида кибероперациялар амалга ошириш борасида кенгроқ ҳуқуққа эга бўлади. Илгари агентлар бу борада ўз режаларини миридан сиригача маъмурият билан келишиб олиши, шунингдек, бу жураёнда АҚШ ташқи сиёсати тамойилларига мувофиқ ҳаракат қилиши лозим эди. Масалан, 2010 йилда АҚШ ва Исроил махсус хизмати Stuxnet компьютер вируси ёрдамида Эрон ядро объектлари бошқарувига жиддий зарар етказишга муваффақ бўлган. Ушбу киберҳужум орқали Эроннинг ядро дастури бўйича тадқиқотларига халал бериш кўзда тутилган. Қайд этилишича, ушбу операция учун шахсан президент Барак Обамадан рухсат олинган ва бир қатор идоралар ўзаро келишиб иш тутган.

Эндиликда АҚШ жосуслик идорасига Россия, Эрон, Хитой, Шимолий Корея каби «рақиб мамлакатлар»га компьютер ҳужумларини амалга оширишда кенгроқ ваколатлар берилади. Бу ўринда гап жавоб зарбалари хусусида кетмоқда. Сир эмас, расмий Вашингтон мазкур давлатларни сайлов жараёнига ноқонуний аралашиш ва ахборот урушида (Россия), кибержосуслик ва интеллектуал мулк ўғрилигида (Хитой), банк тизимларига ҳужумда (Эрон) ҳамда Ҳолливуд компанияларига ахборот ҳужумлари амалга оширишда (Шимолий Корея) айблаб келади.

2018 йил сентябрда АҚШ президентининг хавфизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон мамлакат раҳбари махсус хизматларнинг кибермакондаги операциялар борасидаги ваколатларини кенгайтирганини маълум қилган эди. Орадан салкам икки йил ўтиб маълум бўлишича, бу борада президент томонидан махсус махфий фармон имзоланган. 

Таъкидлаш жоизки, махсус хизмат аввалги президентлар Жорж Буш ва Барак Обама даврида ҳам ўз имкониятларини кенгайтиришга уринган. Аммо мазкур икки давлат раҳбари жосуслик идораси устидан қатъий назоратни маъқул кўрган. Демак, МРБ азалий мақсадига Дональд Трамп даврида эришмоқда.

Янги фармонга кўра, МРБ душман объектларига компьютер орқали ҳужумлар уюштириши, уларни электр тармоғидан узиб қўйиши мумкин. Бундан ташқари, махфий хизмат у ёки бу ташкилотни фош қилувчи материаллар чоп этишда ҳам эркинроқ фаолият юритади. Янги фармон МРБни нишонга олинган хусусий ёки нодавлат ташкилотнинг муайян давлат тузилмасига дахлдорлигини исботлаш мажбуриятидан ҳам озод қилади.

«Илгари муайян ташкилот ҳукумат билан бевосита боғлиқлигини исботлаш учун йиллар давомида далил-исбот йиғиш талаб этилган. Энди эса ўша ташкилот ҳукумат манфаатига хизмат қилаётгани борасида тахминий маълумот тақдим этиш кифоя, операцияга рухсат берилади» дея изоҳ берган Оқ уй собиқ амалдорларидан бири.

Ўтган вақт давомида жосуслик идораси берилган ваколатлардан фойдаланиб, анча-мунча операцияларни амалга оширишга улгурган. Масалан, 2019 йилда Россиянинг SyTech компанияси сервери ишдан чиқарилган ва мазкур фирма Федерал хавфсизлик хизматига алоқадорлиги фош қилинган.

Қайд этиш жоизки, дунёнинг йирик давлатлари кибермаконда жосуслик фаолиятини кучайтиришга зўр бермоқда. Айни чоқда, БМТ 2000 йилдан буён кибермакондаги хулқ-атвор меъёрларини ишлаб чиқишга уринмоқда. Аммо бу борада ҳали аниқ механизм шаклланганича йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг