Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тиббиёт ходимлари ваъда қилинган мукофот пуллари тўланмаётганидан шикоят қилишмоқда

Тиббиёт ходимлари ваъда қилинган мукофот пуллари тўланмаётганидан шикоят қилишмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Таҳририятимизга Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси 10-подстанция кўчма бригада шифокорлари, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани А.Қаҳҳор 44А-уйда махсус ташкил қилинган коронавирусга қарши курашиш штабида 2020 йил 21 мартдан бери махсус «эпидперевозка»да ишлаб келаётган мутахассислардан мурожаат келиб тушди.

«Биз ўз фаолиятимиз давомида коронавирус инфекцияси гумон қилинган шахсларни махсус карантин зонасига олиб бориш, коронавирусга чалинган ва шу касаллик ташхиси қўйилган беморларни Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига олиб бормоқдамиз. Биз бевосита коронавирус инфекцияси билан касалланган ўнлаб беморлар билан баъзан соатлаб алоқада бўлишимизга ва уларнинг соғлиги ёмонлашганда биринчи ёрдам кўрсатишимизга тўғри келяпти.

Фаолиятимиз давомида реанимация бўлимидан вирусга чалинган жуда оғир аҳволдаги беморларни ҳам ташишга тўғри келаяпти. Шунингдек, халқаро чартер рейсларида келган фуқароларни аэропортда кутиб олиб, керак бўлганда, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиб, белгиланган жойдаги карантин зоналарига ва шифохоналарга олиб бормоқдамиз.

Карантин зонасида коронавирус инфекцияси аниқланган беморларни, уларнинг юкларини машинага ортиб, бемор ҳолати қониқарли бўлса, машинанинг орқа кабинасига жойлаштириб, агар беморнинг аҳволи оғир бўлса, кабина ичида бирламчи ёрдам кўрсатиб, у билан бирга кетишга тўғри келмоқда. Биз ўз соғлиғимиз ва оила аъзоларимиз соғлиғини хавфга қўйиб, хизмат бурчимизни сидқидилдан бажаряпмиз.

Муҳтарам президентимиз томонидан тиббиёт ходимлари меҳнати муносиб қадрланиб, 2020 йил 26 мартда «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4652-сон қарори имзоланган эди. Мазкур қарорга мувофиқ коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган эди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.

Қолаверса, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20-сонли йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган вақтинчалик низом тасдиқланган. Бизнинг фаолиятимиз ПҚ-4652 ва шу низомнинг 1-боб 1,2,3,4 – бандларига; 2-боб 8, 9, 10-а, б, в, г, 12, 15, 16-бандларига ва 3-боб 21, 22 бандларига, шунингдек, «бевосита коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар билан мулоқотга киришадиган ходимларга нисбатан тадбиқ этилади» дейилган жумлаларга тўла мос келади. Шу тадбирга жалб қилинган бизнинг меҳнат фаолиятимиз 4 ой бўлаётган бўлса-да, бизга ҳали «махсус рағбатлантириш тўловлари» тўлаб берилмади», — дейилади мурожаатда.

Мурожаат эгасининг қайд этилишича, тез тиббий ёрдам станцияси 10-подстанция кўчма бригада шифокорлари бунга қадар бир қанча юқори ташкилотларга (Адлия вазирлигидан тортиб, Президент порталигача, Молия вазирлигидан тортиб, Сенат раисигача) чиқилган. Шунингдек, бир қатор интернет сайтларида ушбу масала кўтарилган. Шундан кейин бригада шифокорларига 2 ой учун 6 фоизлик устама тўлаб берилган, аммо Президент қарорида назарда тутилган мукофот пуллари ҳамон тўланмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг