Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Тиббиёт ходимларини вирус ўчоқларига мажбуран киритишяптими?» Шифокор отаси вафот этган қиз жим ўтирмоқчи эмас

«Тиббиёт ходимларини вирус ўчоқларига мажбуран киритишяптими?» Шифокор отаси вафот этган қиз жим ўтирмоқчи эмас

Фото: Xabar.uz

28 июнь куни тармоқдаги саҳифамга аввалдан оз-моз таниш бўлган қиз «Отам СOVIDдан вафот этди, менга ёрдамингиз керак» деб мурожаат қилди ва телефонимни сўради.

Шаҳноза Ҳасанова (тинмай йиғлайди): Оғир жудолик юз берди... Отам Уралов Алишер, 52 ёшда эдилар. Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасида ишлардилар. 14 июн куни Ўртасаройдаги карантинга олинган беморларга қараш учун ишхоналари томонидан мажбурий жўнатилганлар. Отам ишдан қочмасдилар. Ёшлари катта, гипертония, қандли диабет, оғир вазнда бўлганлари учун ҳам касалликни оғир ўтказиши мумкин бўлган хавф гуруҳида эдилар. Икки марта рад жавобини берганлар. Лекин «отдел кадр»нинг «бормасангиз, ишдан ажраласиз» деган гапи ортидан боришга мажбур бўлганлар. Ишларини жуда яхши кўрардилар-да. Ўртасаройда шифокорлар учун шароит яхшимас. Тез-тез алмаштириладиган ҳимоя воситалари етмаётганини айтгандилар. Отам менга расм жўнатганда, «қўлқоп ва бахиллам йўқ» деганлар. Хуллас, борганларидан 4 кун ўтиб иситмалари чиқишни бошлаган. Коронавирусга тест топширганларида юклама кўплиги учун СЭС жавобни куттирган. 20 июн куни тест жавоби «мусбат» чиққан. Одатда қатъий ташхис қўйиш учун қайта-қайта текширилади. Яна иккинчи тестнинг жавобини кутишган.

21 июн куни отам билан бирга ишлаётган ва бир хонада ётган шифокор Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси штабига икки томонлама пневмония ташхиси билан сигнал хати жўнатган. Тез ёрдам машинасига жойлаштирган. Аҳволлари оғирлашган. «Вирусга шубҳа» остида ўзларининг карантин зонага айланган ишхоналарига олиб боришган. Энг даҳшати, ўша ўзлари ишлайдиган Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси отамни қабул қилмаган, «жой йўқ» деб «отказ» берган. Ўзлари ишлаётган жой! Вақт йўқотилган. Ҳозир бўлса, ишхоналаридаги ходимлар ва раҳбарлари ҳам «биз отангизнинг касал бўлганини билмагандик» дейишяпти. Отам ўшандан кейин Зангиотадаги юқумли касалликлари шифохонасига жўнатилганлар. У ерда тайинли тиббий ёрдамни ололмадилар. «Ҳамма менга қарашдан қўрқяпти» деб ҳансираб оғир аҳволда телефон қилганлари қулоқларимда жаранглаб турибди, опа....шунинг учун ўлим тез содир бўлди... Отам «Литературний»даги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этдилар.. 26 июнь куни Отамни СЭС ходимлари ва Ковидга чалинган бошқа ёш йигитлар ёрдамида ерга қўйишди...Дардимдан ёниб кетяпман, опа...

Фотиҳага келган ҳамширалар «ахир жой бор эдику, нега ўзимизнинг врачни киргазишмади» дейишади. Нега отамнинг ҳамроҳ касалликлари кўп бўлса ҳам, истамасалар ҳам босим билан Ўртасаройга жўнатишди? Нега шахсий ҳимоя воситалари билан тез-тез таъминлаб турилмади? Нега ковид аниқланганидан сўнг салоҳиятли, тўғри даволай оладиган шифохонага жўнатилмадилар? Нега? Нега?

28 июнь куни туш пайти Шаҳнозадан бу гапларни эшитганимда ҳали отасининг ўлими ССВ томонидан эълон қилинмаган эди. Ҳолбуки, ўлим ҳолати 2 кун аввал бўлган. Шу фактнинг ўзиданоқ талмовсираб турганимда орадан 2 соатча ўтиб, ижтимоий тармоқларда шифокорнинг ўлими расман эълон қилинди.

Албатта, Шаҳноза ҳалигача стресс ичида ва оловдек дардда қовуриляпти. Вазиятга баҳо беришда ошириб юбориши мумкин. Айтган сўзларига фактлар сўрадим. У менга отасининг Ўртасаройда тушган ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаган расмини, шунингдек, мозорда узоқдан тасвирга олинган марҳум шифокорнинг тобутини олиб тушишаётгани ва унга қўшимча тахминан яна иккита тобут кўриниб турган фото ва видеоларни жўнатди.

Шаҳноза отасини йўқотди. У ўзини ўққа-чўққа ургани билан у кишини ортга қайтара олмайди. Касби шифокор бўлган бу қиз бошқа докторларни ҳам мажбурий босим билан ўзлари истамаса-да вирус ўчоқларига жўнатилаётганидан, юборилаётган шифокорларнинг ёши ва саломатлиги умуман инобатга олинмаётгани, боргач эса керакли таъминот йўқлиги туфайли Ковид инфекциясини юқтириш хавфи юқорилигини тушунтиришга уринди.

Ҳар қанча таъсирланмай, иккинчи манба бу вазиятни тасдиқламагунча жим турдим. 29 июн куни Алишер Уралов билан Ўртасаройда битта хонада яшаган ва бирга карантин зонада хизмат қилган, ҳозир ўзи ҳам қатъий карантинда бўлган шифокор билан суҳбатлашдим.

— Ҳақиқатан ҳам врачларга «давка» кетяпти. Бу ерга келмаганлардан ҳам сўраб кўринг, шундай дейишади. Шахсан ўзим ҳам 54 ёшли врачман ва бу ерга мажбуран келганман. Эҳтиёжларимизга керак бўладиган нарсаларни яхши таъминлаб беришолмади. Карантинга олинган 600 га яқин фуқарога бригадамиз билан тиббий хизмат олиб бордик. 600 киши ҳаммаси вирусга чалинган эмас, лекин уларнинг бошқа касалликлари бўлади, асаб, ошқозон касалликлари, психоз кузатилади... Агар улар у ёки бу тиббий ёрдам эҳтиёж сезcа, дори-дармон таъминоти яхшимас, биз талаб қўйсак, таъминлаб беришолмади. Ҳимоя воситаларига келсак, бу ерда қизил ва яшил зоналар бор. Қаерда хизмат кўрсатишга қараб кийимлар кийилади. Шаҳноза айтганидек, тапочкалар етишмовчилиги принципиал эмас. Менинг фикрим, бу ерга келадиган шифокорлар контингентини тўғри танлаш керак. Тасаввур қилинг, ишхонангизда ишлаяпсиз-да, шундоқ қўнғироқ қилишади-да ярим соат вақт беришади: «нарсаларингни йиғ, зонага борасан!» Ҳеч қандай тайёргарлик этапи йўқ, инструктаж йўқ, қоғозларда қолиб кетган. Келган шифокорлар вазиятни ўрганиб олгунча 2-3 кун шокда юради. Шахсан мен ўзим ўша якшанбада (14 июн куни) туғруқхонада «дежур»да эдим. Мени навбатчиликдан олишяпти-да бу ерга жўнатишяпти. Бу инсонийликданми? Ишхоналарда ходимларни контингентини адолат билан саралаш йўқ.

Бу ерга шифокорларнинг ёши, соғлиғи билан ҳисоблашиб жўнатиш керак эди. Алишер ака билан 4-5 кун бирга ётган бўлсам, у кишининг касалликлари кўп экан, келмаслиги керак эди. Мен у кишини тез ёрдамда жўнатиш ишлари билан ўзим шуғулландим, телефонда штаб билан гаплашдим, кейин ҳам алоқада бўлиб турдим. А. Ураловда вирусга шубҳа туғилганида ўз ишхонасига жўнатилuши юридик жиҳатдан тўғри эмасдир, лекин инсонийлик жиҳатидан ишлаб турган жойи томонидан қабул қилиниши керак эди. Назаримда, у якшанбадан то жумагача яхши тиббий хизмат ололмаган.

Иккинчи манбам ҳам Шаҳнозанинг фикрларини қисман тасдиқлагани сабаб контрфактни ўрганиш учун Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи билан боғланиб кўрдим. У киши босиқлик билан саволларга жавоб беришга ваколатли эмасликларини айтдилар. Аммо бир-икки вазиятга фикрларини билдирдилар. Айтишларича, А. Уралов карантин зонага бормаслик учун ҳеч қандай ёзма рад жавоби бермаган. Ҳеч кимни мажбурлашмаган. «Ёш болали, пенсия ёшидаги шифокорларимиз бор, уларга таклиф ҳам берилмаган. Ўрта ёшли ва соғлом шифокорларни жўнатганмиз. У киши ҳар куни соғлом ишга келиб, ишлаб юргандилар-да. «Больничныйлари»ни кўрсак, фақат 2016 йилда 3 кунга чиққан эканлар». А. Уралов кадрлар бўлими бошлиғига 25 июнда қўнғироқ қилгандагина ҳолат ёмонлигидан хабар топган, унгача билмаган. Алишер ака қайси «больница»да ётгани, нафаси қисаётгани, симптомлари ковидга ўхшаётганини айтган. Айтишича, бош шифокор ҳам Ураловнинг вирус юқтиргани ҳақда ҳаётининг охирги кунларигача (25-26 июн) хабари бўлмаган. Бош шифокор «менга ҳеч ким чиқмади, қандай қилиб у кишини ётқизмаслигим мумкин?» деган. ССВнинг 61-буйруғига кўра, муассаса навбати билан 5 нафардан шифокорлар гуруҳини жўнатяпти, ҳамма ўз вазифасини ўтаб, раҳмат эшитиб қайтяпти. А. Ураловнинг карантин зонага айлантирилган ишхонасига киритилмаслиги буйруғини ким берганини билмайди...

Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғидан бош шифокорнинг контактларини сўрагандим, у киши «хат билан чиқишса, жавоб бераман» деган жавобларини айтибдилар!

Дарвоқе, кадрлар бўлими бошлиғидан бошқа бирорта раҳбар марҳумнинг қизидан кўнгил сўраб қўймаган. Шаҳноза Ҳасанова бу ҳақда гапирмади, аммо эслатиб қўйишим керак: 4652-сонли Президент қарорига кўра, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббий персоналга 100 млн, соғлиғи тикланмаса...унинг оила аъзоларига 250 млн сўм қўшимча тўлов берилади. Бу ҳақда раҳматли А. Уралов оиласига ҳали ҳеч ким оғиз очганича йўқ..

Ҳаммани эшитиб, тушунганим шу:

1. Вирус билан курашиш ва карантин ўчоқларига жўнатилаётган шифокор ва медперсоналлар ёши, саломатлиги бўйича сараланиши шарт!
2. Тиббий ҳимоя воситалари, тестлар таъминотида, меҳнатга ўз вақтида ҳақ тўлаш бўйича узилишлар бўлмаслиги шарт!

Икки кун давомида мана шу суҳбатлар ичида яшадим, ёндим, куйдим, эртага шифокор яқинларим бошида ҳам бу хавф турганини ўйлаб юракка яқин олдим...

Тушунаман, коронавирус пандемияси, бу — уруш. Қурбонлар бўлишини ҳам тушунаман. Аммо биласизми, ҳатто урушда ҳам ярадор касаллар ортга қайтарилган, 18 ёшга тўлмаган аскарларга урушда қатнашишга расман рухсат берилмаган.

Ҳали бу вирусдан қутуладиганга ўхшамаймиз. Ўлим статистикаси ҳам жонланиб қолди. Кўча-куйда юқтириб олиш бир гап бўлса, хавф гуруҳида бўла туриб, ўзингни «ўтга уришга мажбур бўлиш» бошқа гап. Соғлиқни сақлаш юқори органи талабларини пала-партиш, «салла деса, каллани олиб келган ҳолда» бажараётган қуйи тизим туфайли тиббий ходимларнинг ҳаётини, соғлиғини бой бериб қўявермайлик.

Ҳаётимда кўп танловларга дуч келганман. Ҳаммасида ҳам журналист сифатида тўғри қарор қилганман, деёлмайман. Жим қолганман. Аммо.. буни ёзиш қарорини виждон иши деб қабул қилдим. Гарчи шахсий оқибатларини беш қўлимдек билсам-да. Аммо бу ёзганим келажакда коронавирус билан тўқнашиш хавфи бўлган битта шифокорнинг бўлсин фаолиятини осонлаштирса, ҳаётини сақлаб қолса — мақсадим шу.

Микрофон кўтарган аёл каналидан

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг