Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Вакцина адолатли тақсимланиши керак». Германия жиддий чорага қўл урди

«Вакцина адолатли тақсимланиши керак». Германия жиддий чорага қўл урди

Фото: Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси

Йил якунига қадар Германия томонидан ривожланаётган мамлакатларга хайрия қилинаётган коронавирусга қарши вакцина сони 100 миллион дозадан ошади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги маълум қилган.

Мамлакат ҳадя қилаётган вакцина асосан COVAX халқаро дастури орқали тарқатилмоқда. Жорий йил декабрь ойи ҳолатига кўра расмий Берлин тақдим этган қарийб 50 миллион доза вакцина 26 мамлакатга етказилди. Тарқатилиши кўзда тутилган қолган эмдорилар ҳам йил якунига қадар керакли манзилларга боради.

Германия томонидан вакцина етказилган давлатлар сафида Мавритания, Эфиопия, Тожикистон, Судан, Ўзбекистон, Вьетнам, Миср, Эрон, Ямайка, Нигерия, Филиппин, Кения, Бангладеш, Сомали, Покистон каби мамлакатлар бор. Олмон ҳукумати, шунингдек икки томонлама муносабатлар орқали Намибия, Миср, Украина, Вьетнам, Гана ҳамда Таиландга 8 млн дозага яқин вакцина тақдим этган. COVAX дастури доирасида асосан AstraZeneca, Johnson & Johnson, Moderna, BioNTech каби вакциналар тарқатилмоқда.

Германия ҳукумати коронавирусга қарши эмдорилар дунё бўйлаб адолатли тақсимланиши кераклигини таъкидлаб келмоқда. Бу борада расмий Берлин дунё давлатларини «вакцина миллатчилиги»дан воз кечиб, бағрикенглик ва саховат йўлини тутишга даъват этмоқда. Сайёрамиз бўйлаб тиббий кўмак дастурларини амалга ошираётган  Access to Covid-19 Tools Accelerator (ACT-A) платформаси таъсисчиларидан бири ҳам мазкур давлат саналади.

Шу тариқа Германия вакцина хайрияси бўйича дунёдаги иккинчи мамлакатга айланди. Олмон давлати СOVID-19 офатига қарши кураш – вакцина, дори-дармон ва муолажа воситалари учун ажратган кўмак миқдори 2,2 миллиард еврони ташкил этмоқда. Маълумотларга қараганда, Европа етакчиси пандемияга қарши кураш учун юздан зиёд мамлакатга кўмак кўрсатди.

Дунёдаги тартиботларни остин-устун қилган ковид вабосига қарши курашда вакцина тарқатиш ва молиявий кўмакнинг ўзи етарли эмас. Шу боис Германия бошқа бир жиддий чорага қўл урди: айни пайтда Африкада вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида тадбирлар кўрилмоқда. Бу эса минтақа соғлиқни сақлаш тизимини истиқболли ривожига йўл очади. 

Германия нафақат вакцина, балки сунъий нафас олиш ускуналари, тиббий асбоблар ҳамда ниқоблар ҳам етказиб бермоқда. Бундан ташқари, пандемия шароитида оғир аҳволда қолган халқлар учун 450 миллион евро миқдорида гуманитар кўмак ажратилган.

Расмий Берлин пандемия келтирган салбий оқибатлардан сабоқ чиқарган ҳолда, глобал соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга ундамоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Германия ҳукумати Ўзбекистонга ҳам коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида қўшимча 2 миллион евро ажратган.

Шунингдек, 2020 йил июль ойида Германия Ўзбекистонга кислород баллонлари, тиббий ниқоблар, аравачалар ва комбинезонлардан иборат инсонварварлик ёрдами жўнатган.

Жорий йил сенябрь ойида эса олмон ўлкасидан юртимизга 356 минг доза вакцина келтирилди. Вакциналарни соғлиқни сақлаш вазирлигига топшириш маросимида Германия элчиси, доктор Тило Клиннер пандемия шароитида кўрсатилаётган кўмак, шунингдек, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш муассасалари ва Роберт Кох номидаги институт билан ҳамкорликни алоҳида эътироф этган. Қайд этилишича, Германия COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга 660 минг вакцина ҳадя қилган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг