Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Яна Қўқон. Маҳаллий кенгаш депутатларига нима бўлмоқда?

Яна Қўқон. Маҳаллий кенгаш депутатларига нима бўлмоқда?

Фото: Xabar.uz

Саноқли соатлар аввал Қўқонда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабари берилганди. Ҳозиргина Қўқондан навбатдаги хабар келди: шаҳар кенгашининг яна бир депутатига суд тартибида маъмурий жазо чораси қўлланди.

Нима бўлган эди?

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, шу йилнинг 28 март куни  депутат ва тадбиркор  М. А. (1976 йилда туғилган) давлат рақами х007хх бўлган «Малибу»сида шаҳар маркази томон ҳаракатланиб, Истиқлол ва Турон кўчалари кесишмасида ўрнатилган блок-постда қаршиликка учрайди.

Яъниким, шу ерда хизмат вазифасини ўтаётган Ички ишлар органи ва Миллий гвардия ходимлари уни машина билан марказ томон ҳаракатланиши мумкин эмаслигини билдиради.

М.А. кимлигини айтиб, депутатлик гувоҳномасини кўрсатиши ҳам кор қилмайди. Бундан чандон жаҳли чиққан М.А. шу куни кечқурун ўзи ҳам аъзо бўлган «Telegram» ижтимоий тармоғидаги Қўқон шаҳар кенгаши депутатлари гуруҳи орқали Ички ишлар ходимлари шаънига қўпол ва ҳақоратомуз сўзлар айтиб, уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка даъват қилади.

Эртасигаёқ депутатнинг ижтимоий тармоқ орқали қилган мазкур даъвати бўйича суриштирув ишлари бошланади. Бундай хатти-ҳаракатда маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқлангани боис Қўқон шаҳар прокурорининг тақдимномасига биноан халқ депутатлари маҳаллий кенгаши М.А.ни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, унга нисбатан суд тартибида маъмурий жазо қўллашга розилик беради.

Қўқон шаҳар маъмурий суди М.А.ни МЖтКнинг (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс) 195-моддасида («Ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилиш») кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва уни 15 суткага «кесиб» юборди. Эътиборлиси, 15 сутка қамоқ – қайд этилган моддада кўзда тутилган жазоларнинг энг юқориси ҳисобланади.

Шунингдек, суд ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларида (М.А.ни блок-постдан ўтказмаганликда) қонун бузилиши ҳолати бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида Қўқон шаҳар прокурорига тақдимнома киритишни ҳам унутмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг