Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Биламиз: сизлар «зўр»сизлар!» – депутат Расул Кушербаев «ҳокими мутлақ» ҳақида

«Биламиз: сизлар «зўр»сизлар!» – депутат Расул Кушербаев «ҳокими мутлақ» ҳақида

Фото: Xabar.uz

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг овози экани айтилаётган аудио тарқалганди.

Аудиода ҳоким журналистлар билан қандай гаплашиши, шунингдек, Марҳамат туманидаги «шаллақи» мурожаатчиларга қандай чора кўрганини айтиб мақтангани англашилади.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати аудиоёзув Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновга тегишли эканлиги қайд этиб, у бундан икки йил муқаддам ёзиб олинганлигини билдирди.

Кенг жамоатчилик муҳокамасида бўлиб турган ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам фикр билдирди.

«Бир шахсда ваколатларнинг ҳаддан ортиқ кўп бўлиши атрофдагиларга қимматга тушадиган хатоларга сабаб бўлади. Устига устак, агар бундай ваколат эгаси тарбиядан йироқ, муомала маданияти йўқ, билими паст, иккиюзламачи бўлса бу – чинакам фожиа.

Кўплаб амалдорларнинг қўпол муомаласи ва қонунларга «тупуриб қўйиб» феодал замон каби кимни истаса ўшани «15 суткага» қаматиб юбориш принципи яқин тарихда пайдо бўлиб қолган бошқарув услуби эмас. Мен буни Ленин инқилобидаги «ҳокимият, бошқарувни деҳқон ва юпунларга бер», деган сиёсатнинг оқибати, деб биламан.

Ўз даврида билим, одамлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлмаган бир гуруҳ заиф одамларнинг бошқарувга келиши табиий равишда улар томонидан қўрқитиш, сўкиш, дўқ-пўписа қилиш орқали бошқариш «институти»га асос солинишига сабаб бўлган. Ва бу «институт»нинг усуллари бизда ҳали ҳам мева беришда давом этаяпти.

Андижон ҳокими масаласида эса ҳоким буни қачон айтгани муҳиммас, муҳими у Ленин сабаб бошланган «бошқарув мактаби»нинг содиқ вориси бўлиб, вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнат ва бошқаларга қарши курашиб, дунёга юз тутиб бораётган бир вақтда қанчалар хунук ва шармандали ҳолат: ҳеч бўлмаса демократия ҳурмати учун ҳам ҳоким жаноблари Андижоннинг «ҳокими мутлақ» эканлигини билдириб, мақтанмаса бўлардику. Биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар «зўр»сизлар!» – деб ёзади Расул Кушербаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг