Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил госпиталида фаластинликларнинг аянчли ҳолати ошкор бўлди

Исроил госпиталида фаластинликларнинг аянчли ҳолати ошкор бўлди

Исроилдаги тиббиёт ходимларининг айтишича, Ғазодаги фаластинлик маҳбуслар мунтазам равишда касалхонада кишанланган, кўзлари боғланган, баъзан яланғоч ва таглик кийишга мажбурланмоқда – бир шифокорнинг таъкидлашича, бу амалиёт «қийноққа» тенг. Бу ҳақда BBC нашри хабар бермоқда.

Яна бир манба ҳарбий госпиталдаги муолажалар мунтазам равишда оғриқ қолдирувчи воситаларсиз ўтказилиши ва маҳбусларга «чидаб бўлмас қийноқ» келтириши ҳақида батафсил маълумот берди.

Бошқа бир манбанинг айтишича, ҳукумат шифохонасида Ғазолик маҳбусларга нисбатан оғриқ қолдирувчи воситалар инвазив тиббий муолажа пайтида «танлаб» ва «жуда чекланган» миқдорда  ишлатилган.

У, шунингдек, давлат шифохоналари оғир беморларни кўчириш ва даволашни истамагани учун улар вақтинчалик ҳарбий объектларда қаровсиз сақланаётганини айтди.

Исроил армияси томонидан сўроқ қилиш учун Ғазо секторидан олиб кетилган ва кейинроқ қўйиб юборилган маҳбуслардан бирининг айтишича, инфекцияланган жароҳатини даволашдан бош тортишгани учун оёғини кесиб ташлашга тўғри келган.

Ҳарбий госпиталда ишлаётган юқори тоифали шифокор ҳар қандай айбловни рад этди, аммо қўриқчилар томонидан қўлланиладиган кишан ва бошқа чекловларни «инсонийликдан маҳрум қилиш» деб атади.

BBCга интервю берган икки нафар тиббиёт ходими махбусларнинг тиббий муолажалари хусусида маълумот берди. Иккаласи ҳам масала нозиклиги сабабли аноним қолишни сўрашди.

Уларнинг гувоҳликлари Исроил фуқаролик ва ҳарбий қамоқхоналари қасос олиш аппарати»га айлангани ва маҳбусларнинг инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини англатади.

Исроил жанубидаги Сде –Тейман ҳарбий базасидаги госпиталда касал ва яраланган маҳбусларни даволаш борасида хавотирлар пайдо бўлди.

Дала госпитали Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Хамас ҳужумларидан сўнг Ғазодаги маҳбусларни даволаш учун яратилган, чунки баъзи давлат шифохоналари ва ходимлари қўлга олинган жангариларни даволашни истамаслигини билдирган.

Ўшандан бери Исроил кучлари Ғазо секторидан кўп сонли одамларни ҳибсга олди ва сўроқ қилиш учун Сде–Тейман каби базаларга олиб келди. ҲАМАСга ишлашда гумон қилинганлар Исроил қамоқхоналарига юборилади.

Армия қўл остидаги маҳбуслар ҳақида маълумот бермаётир.

Сде–Тейман касалхонасида беморларни даволаш учун масъул бўлган бир нечта шифокорларнинг сўзларига кўра, беморларнинг кўзлари боғланган ва тўрт аъзоси билан тўшакларига доимий равишда кишанланган ҳолда сақланади.

Шунингдек, улар ҳожатхонага бориш ўрнида таглик кийишга мажбур қилиняпти.

Бунга жавобан Исроил армияси Сде–Тейман касалхонасида маҳбусларнинг қўлига кишан тақилиши индивидуал ҳолат эканлиги, шунингдек  хавфсизлик таҳдиди талаб қилинганда қўлланилиши айтилмоқда.

Таъкидланишича, тагликлар «фақат тиббий муолажалардан ўтган ва ҳаракати чекланган маҳбуслар учун» ишлатилган.

Аммо гувоҳлар, жумладан, муассасанинг катта анестезиологи Йоэл Дончиннинг айтишича, касалхона бўлимида тагликлар ва қўл кишанлари мунтазам ишлатилади.

«Госпитал беморни худди ёш бола каби 100 фоиз қарам қилади»,– деди у. «Қўлингиз кишанланган, тагликлардасиз, сизга сув ва овқат керак, бошқа нарса ҳақида ўйлашнинг ҳам иложи йўқ».

Доктор Дончиннинг айтишича, чекловларга бўлган эҳтиёжни индивидуал баҳолаш йўқ ва ҳатто юришга қодир бўлмаган беморлар - масалан, оёқлари кесилган беморлар - ётоққа кишанланган. У бу амалиётни «аҳмоқлик» деб атади.

Ғазо урушининг дастлабки ҳафталарида муассасада бўлган икки гувоҳнинг айтишича, у ерда беморларни адёл остида яланғоч ҳолда сақлашган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг