Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Бир қоп пиёз ёки мактаб қоровулининг ойлиги баробарида...

Бир қоп пиёз ёки мактаб қоровулининг ойлиги баробарида...

Бугун миллатимиз келажаги учун оғриқли нуқталардан бири ҳақида гаплашамиз. Яъни, ёзувчи-шоирларга бериладиган қалам ҳақи — гонорар хусусида. Бунинг нимаси муаммо дейишга шошилманг.

Хoрижда қандай?

Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британияда ёзувчи ва шоирлар яхши даромад топишади. Шу боис уларнинг кўпчилиги мамлакатимиздаги ёзувчи-шоирлар каби бошқа соҳаларда фаолият юритишмайди. Яъни, фақат ижод билан машғул бўлишади.

Аксар давлатларда қалам ҳақи ёзувчи-шоирларнинг фаолият стажи ва муваффақиятига бевосита боғлиқ ҳолда тўланади. Масалан, янги ижодкорлар (1 йиллик тажрибага эгалар) йилига 25-30 минг долларгача қалам ҳақи олиши мумкин, бундан ташқари, байрамларда қўшимча ҳақ ва бонуслар тўлаб борилади. Бу ойига ўртача 2-2,5 минг доллардан тушади.

2-9 йиллик тажрибага эга ёзувчи ва шоирлар бошланғич даромади ўртача 50 минг доллар миқдорида гонорар олади. Ойига тахминан 4,1 минг доллар.

10-19 йиллик тажрибага эга тажрибали адиблар 75 000 доллар миқдорида гонорар олади. Бу ойига 6250 доллар дегани. 20 йил ва ундан юқори тажрибага эгалар ўртача 84,500 доллар миқдорида гонорар оладилар. Бу ойига салкам 7 минг доллардир.

Бунда, албатта, солиқ харажатлари ҳам бор. Масалан, "Форбес" талқини бўйича энг бой ёзувчи ҳисобланган Жоанн Роулинг 2021 йилда 1 млрд. доллар фойда кўрган. У ўз асарлари учун 2019 йилда 48,6 миллион фунт стерлинг солиқ тўлаган.

Россиялик ёзувчи ва шоир Олли Вингет нашрдан чиққан ҳар бир китоби учун 150-200 минг рубл гонорар олади. Бу тахминан 2500 доллар атрофида, ўзбек сўмида эса 30 миллионга яқин. Россияда бу анъана азалдан яхши йўлга қўйилган. Хусусан, Пушкин ҳам ўз асарлари учун мўмайгина ҳақ олган ва ўз даврининг энг бой шоирларидан бўлган.

"Форбес" талқинига кўра, қозоқ ёзувчилари йилига 300-450 минг тенге миқдорида фойда кўришлари мумкин. Бу тахминан 700-1000 долларни ташкил қилади. Кўриниб турибдики, қардошларимиз бу борада мақтанадиган даражада эмас. Лекин ҳар ҳолда кам бўлса-да, бор экан қалам ҳақи.

Бизда қандай?

Келинг, аввало, расмий ҳужжатларга разм солиб кўрайлик. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 14 августдаги «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ китоб муаллифларига бериладиган қалам ҳақи 85 фоизга кўпайган.

Мисол учун, мактабгача ва кичик ёшдаги болалар учун насрий асарга буюртма берган нашриёт китобни 20 минг нусхада чиқарадиган бўлса, нашриёт муаллифга табоғи учун тахминан 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда ёзувчига қалам ҳақи белгилайди. 20 минг нусхадан кам бўлмаган шеърий китоб муаллифига ҳар бир сатр учун 8610 сўмдан кам бўлмаган миқдорда қалам ҳақи тўланади.

Илгари нашриётлар томонидан бадиий асарлар учун 5 коэффициентда гонорар берилган бўлса, энди мазкур кўрсаткич 8 га оширилган. Эҳтимол, бу барча нашриётларга тегишли эмасдир, лекин юқоридаги гонорар миқдорлари аксарият ҳолларда ҳозирча фақат қоғозда қолмоқда. Даромад солиғи ҳақида гап бўлиши мумкинмас, чунки бу солиқ даромад бор жойда ундирилади.

Биз бошида эслаган оғриқли нуқтага ҳам етиб келдик. Давлат статистика қўмитаси маълумотлари орасидан Ўзбекистондаги ёзувчи ва шоирлар қанча гонорар олиши ҳақида бирор статистикани топа олмадик.

Ўзбек адабиётининг етук намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик интервюларининг бирида 100 минглаб нусхада чоп этилган машҳур «Шайтанат» китобининг «қалам ҳақи – бир қоп пиёз» қийматига тенг бўлганини айтган.

Ёки таниқли драматург Шароф Бошбеков 2020 йилда берган интервюсида бу ҳақда шундай деган: «Чархпалак»ни ёзишга тўрт йил умримни сарфладим (орада инсулт ҳам бўлдим). «Ўзбектелефильм» суратга олиш учун харид қилди. Қалам ҳақимни эринмай чўтлаб чиқдим, ойма-ойига ҳисоблаганда битта мактаб қоровули маошидан ҳам кам бўларкан. Абдулла Қаҳҳор «Аяжонларим» пьесаси учун тўланган қалам ҳақига битта «Победа» русумли машина олган. Илгари қалам ҳақининг кўплигидан одамларнинг ҳасадини келтирмаслик учун бу ҳақда оғиз очмасдим. Бугунга келиб, қалам ҳақининг озлигидан одамларнинг раҳмини келтирмаслик учун жим юрибман», дея аччиқ мутойиба қилган ёзувчи.

Айб нашриётлардами?

Гонорар белгилашдаги ушбу бетартибликда нашриётларни айблаш ноўрин бўлади. Чунки уларнинг аксарияти ўз кунини зўрға кўриб келади. Давлат тасарруфидаги босмахоналарда аҳвол яхшироқ бўлиши мумкин, чунки уларнинг мунтазам буюртмалари бор ҳар ҳолда: ўқув дарсликлари, болалар адабиёти ва шунга ўхшаш.

Аввало китоб чиқаришнинг ўзи азоб, таниқли ёзувчиларники-да ҳатто. Нашр қилинсаям, камида бир йил кутиши керак. Шундан кейин чоп этилган китобидан хурсанд ижодкор қалам ҳақини ўйлайдими? Умид қилиши мумкин, лекин кўпга эмас. Ҳатто қалам ҳақи ўрнига ўзининг китобидан нечтадир сотиб олишга-да рози бўлади.

Аслида дунё тажрибасида ундай эмас. Таниқли ёзувчининг асари нашр этиладиган бўлса, аввал шартнома қилинади. Шартнома шартларига кўра, адибга китоб адади ва сотувидан тушган даромаднинг 10 фоизи, кейинчалик қайта нашр этилса, яна қанчадир фоизи бериб борилади. Шунинг учун чет эл адиблари фақат шоҳасарлар, бестселларлар ёзишади, чунки улар фақат шу иш билан шуғулланади, тирикчилиги ҳақида қайғурмайди, турли майда бошоғриқлардан холи ижод қилишади.

«Asaxiy.uz» интернет дўкони асосчиси Фируз Аллаев ана шу дунё тажрибасини қўллаган илк тадбиркорлардан дейиш мумкин. Унинг ўзи бизга бу ҳақда шундай дейди:

«Биз жаҳон стандартини шундоқ кўчирдик. Ҳар бир сотилган китобдан маълум бир тиражгача 10 фоиз, ўша тираждан ошса, 15 фоиз ҳақ тўлаймиз. Бизда ҳамма нарса дастурлаштирилгани учун рақамларни яшириб бўлмайди. Масалан, Европа ва АҚШда катта ёзувчиларга бирламчи гонорар ҳам бор. Айтайлик, Айзексон китоб ёзса, бир нечта нашриёт рақобат қилади. Айзексон 10 фоиздан бошқа яна бирламчи гонорар берадиган, каттароқ ҳақ тўлайдигани билан шартнома тузади».

Китоб ўқишдан асосий мақсад...

Китоб ўқишдан асосий мақсад — ўз саводхонлигини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, фикрлаш қобилияти, эркин гапириш, нутқ сўзлаш маҳоратини оширишдир. Китобга ошно бўлган одам ҳаётда камдан-кам ҳолатда қоқилади.

Илм-фанни, китобхонликни чинакамига рағбатлантирмоқчимисиз? Унда, марҳамат, дунёга чиқишга талпинаётган ёзувчиларни топинг, уларга яхши шароит қилиб беринг, ижод қилсин. Яхши асарлар ёзилиб, одамлар орасида қўлма-қўл бўлсин.

Хулоса ўрнида

Шунча йилдан бери бирор марта кўзга кўринарли фойда келтирмаган футболга ҳар йили миллиардлаб пуллар ажратилади. Ҳаммаси ҳавога учиб кетади, ҳатто сўнгги йилларда ўзбек футболи Осиёдаги аввалги обрўси ва ўрнини ҳам йўқотиб улгурди.

Айрим нашриётлар сўнгги йилларда муаллифларга пул бериш уёқда турсин, ўз ишчиларига ҳам ҳақ тўлай олмай қолди. Нашриётларни «оталиққа олган» олдинги Матбуот ва ахборот агентлиги (ҳозирги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) даврида ҳар ҳолда «жон сақлаган» босмахоналар номи ва ваколати ўзгаргач, секин-аста ўша «жонни» бера бошладилар, дейиш мумкин.

Хулоса шундай бўладики, давлат ва ҳукумат қарорлари билан гонорар миқдорлари белгиланган бўлса-да, ундаги тартибга деярли ҳеч ким амал қилмайди. Чунки бунга нашриётларнинг имкони ҳам, истаги ҳам йўқ.

Ҳақли савол беришингиз мумкин: нега энди гонорар учун давлат пул ажратиши керак? Тўғри, давлат бунга мажбур эмас аслида. Лекин миллат сифатида дунёга танилиши учун ҳозирги кунда шундай чора қўллаш керак.

Яна бир савол туғилиши мумкин: адабиётимиз нега дунёга чиқиши керак? Бу саволга мисоллар жуда кўп. Масалан, корейс, ҳинд ва турк сериалларини ётволиб кўрамиз. Уларни ҳам қайсидир ёзувчи ёки сценарийнавис ёзган. Ёки Винни Пух, Смурфлар ҳақидаги асарларни олайлик, бутун дунё болалари севиб ўқийди, томоша қилади. Яқиндагина Нобел мукофотига эга чиққан ёзувчининг «Жаннат» асари энди янада катта қизиқиш билан қарши олинади. У Англияда яшаса-да, келиб чиқиши африкалик экани барча нашрларда алоҳида таъкидланди.

Хўш, айтайлик, энди бирор ўзбек ёзувчиси Нобел мукофотини олиб қолса, бутун дунё унга қизиқадими? Қизиқиши ортидан ўзбек адабиёти ва миллати ҳақида тасаввурга эга бўлади. Масалан, қирғиз миллати ҳақида Чингиз Айтматовнинг асарлари орқали жуда кўп маълумот олиш мумкин.

Шу ўринда ўз таклифларимизни берамиз:

  • давлат барча турдаги нашриётларни бошдан оёқ қўллаб-қувватлаши, уларга катта маблағ ажратиши керак;
  • нашриётларга савияли, сўзи залворли ёзувчиларни бош муҳаррир қилиш, ҳеч бўлмаганда уларнинг маслаҳатига таянилиши лозим. Шундагина олди-қочди китоблар камаяди, ўқувчи салмоқли асарларни яна ўқий бошлайди;

Юқоридаги таклифлар амалга ошганда ўқувчи ёшлар китобларни саралаб, танлаб ўқишга тушади, яхши ва ёмон асарни ўзи ажрата олади. Аммо бунга йиллар керак бўлади. Лекин агар келажак учун ҳаракат ҳозирдан бошланса, натижа ҳам кўп куттирмайди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг