Bo‘zatov FEST-2026: саҳнада опера наволари янграмоқда (фото)
Хабарингиз бор, айни кунларда Қорақалпоғистоннинг Бўзатов тумани бутун мамлакатнинг энг иқтидорли ёшлари жам бўлган, мусиқа ва санъат нафаси билан яшаётган қайноқ масканга айланди. Бу йил 370 минг ёш ичидан сараланиб, финалга етиб келган 165 нафар энг сара истеъдод умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллиард сўм бўлган «Ёшлар овози» танловида беллашмоқда.
Кечагина фестивалнинг илк босқичида 40 нафарга яқин ёш бахшиларнинг жонли ижроси, дўмбира чертиб айтган қўшиқлари даврани қиздирган бўлса, бугун Бўзатов осмони бутунлай ўзгача — нафис ва маҳобатли опера наволари билан тўлди.
Саҳнани опера йўналиши бўйича учта ёш тоифасида (10-15, 16-22, 23-30 ёшлар) беллашаётган 40 дан зиёд иқтидорли ўғил-қизлар эгаллади. Мазкур йўналишда ғолиблик учун курашаётган операчилар ҳам фестивалнинг умумий мукофот жамғармасидан муносиб рағбатлантирилиши санъат йўлидаги интилишларига жуда катта моддий ва маънавий дастакдир.
Кейинги пайтларда ушбу мураккаб санъат турига ёшларнинг интилиши ва меҳри нечоғлик кучайганини уларнинг ижросида, нигоҳларидаги шижоатда яққол сезиш мумкин. Бугунги дастурдан миллий мусиқа анъаналари ва драматик вокал ижрони ўзида мужассам этган ўзбек опера санъатининг дурдоналари ўрин олди. Саҳнада «Дилором», «Гулсара», «Майсаранинг иши», «Зайнаб ва Омон» каби классик асарлардан ариялар куйланди.
Шунингдек, ёш ижрочилар жаҳон опера классикасининг энг мураккаб намуналарини ҳам юксак маҳорат билан ижро этдилар. Жумладан: Ж. Вердин, Ж. Пуччин, Ж. Бизе каби опера композиторларинмнг асарларидан янграган лирик ва драматик ариялар Бўзатов кенгликларида акс-садо берди.
Ўзбекистон халқ артисти, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Нормўмин Султонов ёш ижрочиларга ўз тавсияларини билдириб ўтди: «Репертуар танлашда адашмаслик жуда муҳим. Ёш хусусиятларига ва овоз имкониятларига мос, бирмунча қулай асарлар танланса, ижро янада табиий чиқади ва, албатта, баҳолар ҳам юқори бўлади».
Бу йилги фестивал том маънода шунчаки оддий танлов эмас, балки ҳақиқий тажриба ва дўстлик майдонига айланди. Иштирокчилар бахшичилик ёки опера йўналишида чиқиш қилишидан қатъи назар, уларнинг овози нафақат ҳакамлар ҳайъати, санъат ихлосмандлари ва журналистларни, балки шу ерда меҳнат қилаётган оддий ишчи-ходимларни, мезбонларни ҳам бирдек сеҳрлаб қўймоқда.
«Ёшлар овози» санъатга ошуфта қалбларни янада бирлаштиришга, юртимизда янгидан-янги истеъдодлар занжирини яратишга хизмат қилмоқда. Фестивал 5 июнга қадар давом этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter