Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухоро тарихий марказида Халқаро биеннале бошланди (фото)

Бухоро тарихий марказида Халқаро биеннале бошланди (фото)

Фото: Xabar.uz / Telegram

Бугун, 6 сентябр куни Бухоро тарихий марказида Марказий Осиё миқёсида биринчи йирик фестивал Халқаро архитектура ва санъатнинг илғор ютуқлари асосидаги биеннале бошланди.

Биеннале 10 ҳафта давом этади. Маълумот учун: биеннале — мунтазам ҳар икки йилда ўтказиладиган кўргазма.

«Бухоро дунё эътибори марказида. Биеннале майдони кўплаб хорижий давлатлар, узоқ-яқин мамлакатлардан келган рассом ва ҳунармандларни бирлаштирди.

Муқаддас Бухоро замини бутун инсониятнинг мулки, асрлар давомида жаҳон цивилизациясига мансуб бўлган, азалдан маданият, ижод ва илм-маърифат маркази сифатида танилган шаҳардир.

Миллатлар ўртасида ҳамиша очиқ мулоқот руҳи ҳукм сурувчи айни масканда маданий мероснинг қадрига етадиган, уни асраб-авайлайдиган зиёлилар йиғилгани табиий воқелик.

Масжид гумбазларидан то ипак гиламларгача, зардўзлик намуналаридан то миниатюра санъатигача, ёғоч ўймакорлигидан то шашмақом мусиқасигача бебаҳо хазинамиз кўплаб авлодлар маҳорати ва иқтидорини ўзида мужассам этган.

Бугун маданият биз учун нафақат гўзаллик ва илҳом манбаи, балки халқаро нуфузимизни оширадиган ҳамда мамлакатимизнинг глобал макондаги қиёфасини шакллантирадиган стратегик ресурс ҳамдир», деб ёзди Саида Мирзиёева ўз телеграм-каналида.

Ушбу фестивал ўлканинг туристик жозибадорлигини янада ошириш, маданий мерос объектларини санъат намойиши майдонларига айлантириш, сайёҳларнинг мунтазам қайта ташриф буюришга бўлган қизиқишини шакллантиришга қаратилган.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу санъат анжумани Бухорони ноёб креатив кластер хабига айлантиришга ҳам хизмат қилади.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов фестивал давомида Биенналега тайёргарлик кўриш жараёнида Бухоронинг тарихи қайта тиклангани, эски шаҳар қисмида катта кўламдаги таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилганини айтди.

«Тўққизта маданий мерос объекти реставрация қилиниб, ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилди. Умуман, Биеннале бухороликлар учун улкан байрамга, катта тўйга айланиб кетди. Бунинг учун 157,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Албатта, бу ишлар Бухоронинг туристик салоҳиятини янада ошириш учун ҳам катта имконият берди», деди вилоят раҳбари.

Биеннале муносабати билан Бухорога қўшимча ярим млндан кўпроқ меҳмон ва турист келиши прогноз қилинмоқда. Дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатидан 300 га яқин ижодкорлар қатнашиши кутилмоқда.

Маъумот ўрнида: Биеннале муносабати билан Бухорога меҳмон бўлиб келган ҳар бир сайёҳ эътиборда. Вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан фестивал доирасида «Rechipes for Broken Hearts» («Синиқ юраклар учун малҳам») номли маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш тадбирини тизимли ташкил этиш йўлга қўйилган.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг