Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дима Қаюм кутубхонаси: воқеалар ривожи қандай бўлмоқда?

Дима Қаюм кутубхонаси: воқеалар ривожи қандай бўлмоқда?

Фото: «xabar.uz»

Дилшод Болтабоев (Дима Қаюм)нинг халқ хайрияси билан қурган «Халқ кутубхонаси» бузилиш хавфи остида қолгани ҳақида ёзгандик. Бу ҳақида Дилшод Болтабоев Ўзбекистон президентига мурожаат қилганини ҳам биласиз.

Хўш, воқеалар ривожи қандай?

Дилшод Болтабоев билан яна боғландик:

− Қўллаб-қувватлаганликларинг учун раҳмат, деярли барча сайтлар кутубхона бузилмаслиги кераклигини айтиб, мақолалар эълон қилишди, аҳволни ўргангани бир қанча давлат нашрларидан, хусусан, «Халқ сўзи» газетасидан ҳам, «Ёшлар» телеканалидан ҳам, «Давр»дан ҳам мухбирлар келишди, − деди Дилшод Болтабоев. – Воқеалар ривожи шундайки, туман ҳокимиятининг қурилиш ишлари бўлими вакили келиб, бу шов-шувлар бир ёқли бўлгунча кутубхонани бузмасликларини, аммо бозордаги кўпгина шунақа қурилган дўконлар бузилаётганлигини айтиб, кутубхона ҳам бузиладиган бўлса, бошқа жойдан каттароқ қилиб кутубхона қуриш учун жой берилишини айтди.

Дилшод Болтабоев гарчи бу ҳақда ёзмаслигимизни сўраган бўлса ҳам айтиб қўйишимиз шартки, турли катта-кичик идораларнинг вакиллари «Сен кимсан ўзи?» «Нега бутун Республикага жар соласан?» «Нега туманни бутун Ўзбекистонга шов-шув қилаяпсан?» «Ўрнингни, кимлигингни бил!» каби сўзлар билан унга пўписалар қилишаяпти экан.

− Акалар, бу гапларни ёзмай туринглар, ўзим ҳам қўрқиб қолдим, ҳар хил гаплар бўлаяпти, − дейди кутубхона қолиб, ўзидан ҳам хавотирга тушиб қолган Дилшод Болтабоев.

Таъкидлашимиз жоизки, ҳозирда Дима Қаюмни жуда кўпчилик ижод аҳли қўллаб турибди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг