Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гулистондаги бахшичилик фестивали якунига етди. У бизга нима берди?

Гулистондаги бахшичилик фестивали якунига етди. У бизга нима берди?

Кеча учинчи Бахшичилик фестивали якунига етди ва энди бемалол унинг якунлари ҳақида гаплашсак бўлади. Қуйида шахсан ўзимга ёққан ва ёқмаган жиҳатларига тўхталиб ўтаман.

Ижобий жиҳатлар
Фестивал Гулистон шаҳрида ўтказилиши маълум қилинганда кўпчиликда, шу жумладан менда ҳам катта шубҳа пайдо бўлган эди – катта тадбирларни ўтказиш тажрибаси бўлмаган вилоят 32 та давлатдан келадиган меҳмонларни кутиб олишни уддалармикан?

Гулистон уддалади! Уддалаганда ҳам баъзилардан кўра яхшироқ уддалади. Шахсан ўзимга ташкилотчиликда санитария нормаларига риоя қилингани жуда ёқди. Фестивал ўтказилган жой атрофида бир нечта вақтинчалик ҳожатхоналар ташкил қилинди, гастрономия кўчасидаги ҳар бир ошпазлик бурчаги учун алоҳида санузел қилиб берилди. Яна бир янгилик - ҳар бир ошпазлик ўчоғига табиий газ тортиб борилди, оқибатда аввалгилардан фарқли ўлароқ тутун, чанг ва чиқиндилардан холи, тоза-озода фестивал кўрдик.

Ёқмаган томони
Ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, албатта бу тадбирнинг ёқмаган томонлари ҳам бўлди. Масалан, фестивал ўтказилган драма театри атрофида гир айлана саҳналар қўйилгани оқибатида шунақа шовқин-сурон кўтарилдики, томошабин қай бирининг олдига боришни ҳам билмай қолди. Аслида бу муаммо бир Гулистон эмас, бошқа жойларда ҳам кузатилган. Шунчаки, бу ерда саҳналар ораси яна ҳам тор бўлиб қолган экан.

Менимча, шунча оворагарчилик қилиб фестивал ўтказилгандан кейин халқ учун ташкил этиладиган саҳналарни шаҳарнинг турли бурчакларига ўрнатиш яхшироқ бўларди. Шунда ижрочи ҳам, томошабин ҳам кўпроқ завқ олармиди.

Якунда
Фестивалдан ўзимиз учун кўп нарса олдик. Турли маданият вакилларини бир саҳнада кўриш ҳар доим қизиқ бўлган, масалан менга Ёқутистон, Грузия, Индонезия ва Покистондан келган ижрочиларнинг чиқишлари жуда ёқди.

Бу каби тадбирлар юртимизнинг имиджини кўтариш учун хизмат қилади, камчиликлар эса йил ўтгани сари камайиб бораверади. Муҳими, тўхтаб қолмасак бўлгани.

Зафар ҚОСИМОВ
Гулистон - Тошкент

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг