Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Отасини ўлдирган ўғил, очликдан шишган одамлар. Шолохов ҳикояларида нима демоқчи эди?

Отасини ўлдирган ўғил, очликдан шишган одамлар. Шолохов ҳикояларида нима демоқчи эди?

Социалистик реализмнинг намоёндаларининг бири Михаил Шолоховнинг ҳикояларида негадир ҳаётдан хурсанд, ўзига тўқ, тўкис одамни учратмайсиз: алғов-далғов замон, уруш, очликдан қийналаётган одамлар...

Юзаки қараганда, Шолоховнинг асарларини бошқа ёзувчиларнинг ёзганлари билан бир қаторга қўйса бўлади, улар ўзи туғилган даврни алқайдигандай. Ҳикояларда воқеанавис Қизил Армия ва болшевикларга ён босади, уларни алқайди, «тўғри йўлда» деб атайди. Албатта, Шолоховнинг ўзи ҳам коммунист бўлган, СССР тузилган аччиқ даврларни кўрган, унинг қудратию, чўка бошлаганига гувоҳ бўлган.

Лекин ёзувчининг реалистлиги ва совуққон тасвири бизга кўп нарсаларни гапириб бера олади.

«Дон ҳикоялари» тўпламидан ўрин олган «Алёшканинг қалби» ҳикояси ўта аячли тақдирларни ўзида жамлагани билан ажралиб туради. Замон ўзгариши ва унинг одамлар бошига олиб келган кулфатлари кишини даҳшатга солади.

«Алёшка беш ойдан бери нон кўргани йўқ. Алёшка очликдан шишмоқда.

... У ўлик туғилган қулун гўштини олиб кетмоқчи бўлганда, итлар уни ўраб олиб, оч-қизил гўштни тупроққа судраб тортиша бошлади. Алёшка уларга пичоқ ўқталиб, ичак-чавоқларгача қолдирмай бир жойга тўплади-да, оз-оздан уйига ташиб олди.

Алёшканинг қоракўз синглиси шилимшиқ гўштдан кўп еб қўйиб, кечга яқин бўкиб ўлди...»

Даҳшат-а?

Албатта, буларнинг ҳаммасига сабаб муаллиф ҳикоя бошида таъкидлаган «устма-уст икки йил келган даҳшатли қурғоқчилик» ҳам эмасди, инсоният бошлаган беъмани Биринчи жаҳон уруши ва ундан кейин мамлакатнинг тинкасини қуритган инқилоблар, фуқаролар уруши ҳам эди.

Гарчи ҳикояда қизил гвардиячиларни улуғласа ҳам, Шолохов кўп нарсаларни гапиради, жумладан:

«Дарё бўйидаги ғиштин бостирма ва омборхоналар кўринади — ичи тўла дон. Бу жой Донпродком 32-сонли ғалла қабул қиладиган контораси».

Яъни... ташқарида советлар ваъда қилган порлоқ келажакнинг эгалари бўлиши керак бўлган оддий одамлар очлик тиришиб, шишиб ўляпти, омборхоналарда (уруш ва аскарлар учун) дон тўла.

Контраст эмасми?

Алёша шу ерда сиёсий комиссар Синицин билан танишиб қолади ва у болага уйида «димлаб пиширилган буғдойи» борлигини айтади. Шу детал ҳам кўп нарсаларни «гапиради». Сиёсий комиссар (амалдор)нинг уйида буғдойи бор. Оддий халқ эса...

«Алёшканинг қалби» ҳикояси 1925 йилда ёзилган ва 1920-22 йиллардаги ҳолатни акс эттирган. Афсуски, Совет ҳокимияти ўрнатилгач, жанубий Россия, Украина ва Қозоғистонни Шолохов ҳикоясидаги очликдан бешбаттар «голодомор (1932-33 йиллар)» кутиб турганди...

Шолохов ҳикояларида замон ўзгариши ва авлодлар тўқнашуви кенг тасвирланган. Болшевик ўғил, унинг қаршисида жоҳил ва шафқатсиз оқ гвардиячи ота ёки ака, амалдор ўғил ва унга қарши чиққан коммунист қариндошлар образи кучли тугунларга эга воқеалар орқали баён этилади.

Замона ўзгариши ортидан ашаддий душманларга айланган ота-болалар образи «Полиз қоровули», «Гирдоб» ва «Нуқсон» ҳикояларида яхши очиб берилган.

Гарчи ушбу ҳикоялар очиқдан очиқ коммунистик тузумни алқаб ёзилган бўлсада, ўша замондаги кўплаб зиддиятли масалаларни очиб беради.

«Нуқсон» ҳикоясидаги Яков Алексеевич — қулоқ, уддабурон бой деҳқонларнинг типик вакили. У ўта консерватор бўлишига қарамасдан, ўғли Стёпка комсомолликни танлайди ва отасининг ғазабига учрайди. Яков Алексеев асар охирида мол-мулк учун ўз фарзандини ўлдириш даражасига борган ношуд ота сифатида тасвирлансада, меҳнаткаш, ишбилармон деҳқон экани айрим ўринларда очиб берилади. Қулоқлаштириш ва коллективизация айнан Яков Алексеевичга ўхшаган деҳқонлар тоифасини деярли йўқотди ва натижада ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичлар кескин пасайиб, СССРда очарчилик юз берганига тарих гувоҳ.

«Баҳорда йигирма ботмон ерга буғдой экди ҳамда тежаб қолган бултурги буғдойига запашник, иккита темир борона, шамол машина сотиб олди. Баҳорги узилиш вақтида озиқ-овқатсиз қолиб энг керакли нарсасини ким сотиши ўзи маълум.... Бутун станицани қидириб Яков Алексеевич каби тадбирли, пишиқ-пухта деҳонни топиб бўлмайди...»

«Полиз қоровули» ҳикояси энг аячли якунга эга ҳикоялардан бири деса бўлади. Ота — оқ гвардиячиларга хизмат қилувчи амалдор, ўғил ашаддий болшевик.

Афсуски, ўзаро сиёсий душманликни сўндиришга қариндошлик алоқалари ҳам йўл бермайди.

Ҳикоя охирида Митка (коммунист акасини полиздаги чайлага яширган кичик ўғил) отасини бошига болта билан уриб ўлдиради...

Албатта, Шолохов Дон бўйларида яшаб ижод қилган, ҳудудда шарқ менталитети ҳукмрон эмас. Лекин китобхон негадир сиёсий қарашлар номутаносиблиги ортидан содир этилган падаркушликни қабул қила олмайди. Ота ва ака қораланадиган ўринларни хусусан ўзбек китобхони оғриқли қабул қилиши турган гап.

Шолохов йирик ёзувчи, Нобел мукофоти совриндори. Унинг асарларини ҳар қанча таҳлил ва муҳокама қилса арзийди. Унинг асарларида нақадар либерал ва ўнгчиларга ёқмайдиган пролетарча оғмачилик учрамасин, XX аср бошида улкан қизил салтанатнинг вужудга келишидаги зиддиятларни маромига етказиб ёзган бундай муаллифлар кам топилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг