«Сеҳрли чапақай» фильмининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди
Бугун, 15 май куни «Ренессанс кино уйи»да «Сеҳрли чапақай» бадиий фильмининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди. Тадбир Кинематография агентлиги, Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, «Your films entertainment», ЎФФ ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
Фильм спорт, оила ва жамият қадриятларини ўзида мужассам этган ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган. Картина томошабинга руҳий мотивация, ишонч ва ғалабага интилиш ҳиссини улашади.
Ушбу фильмда фарзандларни уларнинг иқтидоридан келиб чиқиб, касбга йўналтириш, бу йўлда уларни қўллаб-қувватлаш ғояси ҳам илгари сурилганини кўриш мумкин.

Сюжет марказида ота ва бола муносабатлари, онанинг меҳр-муҳаббати, тарбия, дўстлик ва жамоа руҳи туради. Фильм давомида бош қаҳрамоннинг мураккаб ҳаёт йўли, спортдаги синовлари, мағлубият ва умидсизликларга қарши кураши ҳамда қатъият билан мақсад сари интилиши драматик услубда очиб берилади.
Таъкидланишича, «Сеҳрли чапақай» нафақат спорт ҳақидаги фильм, балки инсонийлик, ҳалоллик, адолат ва ирода ҳақидаги асар ҳисобланади. Картинанинг марказида фарзанд камоли учун курашувчи ота образи орқали ҳаётий ибрат ғояси илгари сурилади.
Фильм ёш авлодни ватанпарварлик, қатъият ва соғлом турмуш тарзига руҳлантиришни мақсад қилган. Шу билан бирга, фильм мамлакатда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар ва уларнинг амалий натижаларини кенг жамоатчиликка намоён этади.
Фильм сценарий муаллифи ва режиссёри — Ҳабибуллоҳ Ҳайдар. Продюсер сифатида Фозил Юнусов иштирок этган. Фильмда асосий ролларни Сирожиддин Сатторов, Муҳаммад Нурмуҳаммадов, Тоҳир Саидов, Шаҳло Темирова, Ўлмас Темур, Ардашер Абдулҳаев ўғли ва Мурод Насимов ижро этган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter