Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёш иқтидор эгалари кашф этилмоқда (фото)

Ёш иқтидор эгалари кашф этилмоқда (фото)

Ўқувчиларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларнинг яширин истеъдодларини юзага чиқариш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини сақлаш қолиш, ривожлантириш ҳамда давом эттириш мақсадида анъанавий тарзда уч босқичли “Иқтидор” мактаб ансамбли республика танлови ўтказиб келинмоқда.  

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Келажак” маркази томонидан ташкил этилаётган танловда умумий ўрта таълим мактабларининг 6-10 синф ўқувчиларидан иборат 13 665 та мактаб жамоаси (109 320 нафар ўқувчи) иштирок этиш истагини билдирди. Айни кунларда танловнинг ҳудудий босқичлари давом этаётган бўлиб, 208 та мактаб жамоаси ўзаро беллашмоқда. Ушбу босқичида энг юқори балл тўплаган жамоа танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. 

Ҳаваскор ёш ижодкор мактаб ўқувчиларидан иборат мактаб ансамбли жамоаси барча босқичларда мусиқа асарларини ўзбек миллий чолғуларида жонли ижро этишади. Танловнинг туман-шаҳар босқичида битта асар, ҳудудий босқичда иккита асар ва республика босқичида учта асар ижро этилиши белгиланган.  

Ҳудудий босқичида жамоаларнинг ижроларини Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Муножатхон Йўлчиева, Ўзбек миллий мусиқа институти профессор-ўқитувчилари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Арабов, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Фарангиз Маҳмудова, Шомаҳмуд Шораҳмедов, Дониёр Юнусов ва Сирожиддин Усманов сингари соҳанинг малакали мутахассислар томонидан баҳолаб борилмоқда.  

Ҳар бир ҳудудий босқич телекўрсатув тарзида тасвирга олинмоқда. Ҳудудлардан тайёрланган махсус кўрсатувлар “Ўзбекистон 24” ҳамда “Менинг юртим” телеканаллари орқали эфирга узатилади. Бундан ташқари, танловнинг расмий YouTube саҳифасига жойлаб борилади. 

Танловнинг республика босқичи июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Республика босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоа хорижга таълим саёҳати йўлланмаси билан тақдирланади.  

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги 66-умумий ўрта таълим мактабининг “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси ғолиб бўлиб, Озарбайжон давлатларида таълим саёҳатида бўлиб қайтишган эди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг