Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда бешта сел сув омбори қурилади

Ўзбекистонда бешта сел сув омбори қурилади

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб сел сувларини тўплаш учун мўлжалланган бешта сел сув омбори қурилиши бошланади. Бу президент қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат билан 2027-2030 йилларда сел сув омборларини қуриш бўйича манзилли дастур тасдиқланди.

Сел сув омборлари қурилиши орқали Самарқанд вилоятидаги 7 минг гектар, Тошкент вилоятидаги 2 минг гектар ва Жиззах вилоятидаги 300 гектар ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш режалаштирилган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида 3,3 минг гектар, Тошкент вилоятида эса 300 гектар янги ерларни ўзлаштириш кўзда тутилган.

Илмий тавсия ва хулосалар асосида республика бўйича кичик сув захираларини яратиш имконияти мавжуд бўлган 60 та ҳудуд аниқланган.

Қарор билан Оқтепасой сел сув омборини лойиҳалаштириш учун 2 млрд сўм ажратиш топширилди.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти Бахмал туманидаги Тангатопдисой ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Оқсоқотасой сел сув омборларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш вазифаси юклатилди.

Хусусий шерик сел сув омборини қуриб, уни 49 йилга муддатни қўшимча тўловларсиз узайтириш шарти билан давлатга топширади. Хусусий шерикка сел сув омборлари муҳофаза ҳудудларида туристик-рекреацион зоналар ташкил этиш, сув ҳавзаларида балиқчилик хўжаликларини йўлга қўйиш ёки иншоотлар хавфсизлигига таъсир қилмайдиган бошқа фаолият орқали даромад олишга рухсат берилади.

Аввалроқ давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда мамлакатимизда сел хавфи мавжуд 60 та йирик сой орқали йилига 690 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетаётгани айтилганди. Ундан самарали фойдаланиш орқали 13 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, сув таъминотини яхшилаш ва балиқчиликни ривожлантириш имконияти борлиги таъкидланганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг