Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бинодан чиқиб кетинг!» – Президент Администрацияси раҳбари ўтказган мажлиснинг аудиоси тарқалди

«Бинодан чиқиб кетинг!» – Президент Администрацияси раҳбари ўтказган мажлиснинг аудиоси тарқалди

Кеча, 27 сентябр куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида танқидий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда айрим ҳокимлар ва ташкилот раҳбарлари ишдан олиниб, яна айримларига бошқа интизомий жазолар берилди.

Жумладан, Сардор Умурзоқов Президент қарори асосида давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун Андижон тумани ҳокими А.Эгамбердиевни эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини билдирди.

– Андижон тумани ҳокими Эгамбердиев жаноби олийлари, селекторда айвонда ўтирмаяпсизми? Ўзингизни бундай тутишингиз билан бутун дунёга шарманда бўлдик. Масофани сақлашни баҳона қилдинглар. Унда нега сектор раҳбарлари ёнингизда эди?! Фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик, димоғдорлик, кибр-ҳаво... бу нима деган гап?!

Сиз бутун давлат тизимини обрўсизлантирдингиз...

Шунинг учун сиз бугун давлат раҳбарининг қарори билан, биринчидан, эгаллаб турган лавозимингиздан озод этилдингиз. Иккинчидан эса сизнинг бу хатти-ҳаракатингизга ҳуқуқий баҳо берилади. Чиқиб кетинг залдан! – деди Администрация раҳбари.

Шунингдек, раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун Асака, Пахтаобод ва Фарғона туманлари ҳокимлари ҳам ишдан олинган. 

Йиғилишда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими ҳам ишдан олиниб, унинг янги ҳокимлик вазифасига келганига қарамай, ўзини тўраларча тутгани ҳамда жорий йил 23 август куни берилган вазифаларни ўз вақтида бажарилмаганини рўкач қилиб, туман ҳокимлиги Девонхона бўлими мутахассисига жисмоний куч ишлатгани айтилди.

– Ким сизга рухсат берди?! Ўзингизга, вилоятингизга ва бутун давлат тизимига иснод келтирдингиз! Ҳар бир айтган ҳақоратомуз гапларингизнинг аудиолари турибди. Ачинарлиси, ҳурматли Президентимиз ҳам шуларни эшитиб жуда ҳам қаттиқ ранжидилар. Давлатимиз раҳбари қарор қабул қилдилар: сиз ҳокимлик даражасига муносиб эмассиз! Залдан чиқиб кетинг! Гувоҳномасини олиб қўйинглар! – деган Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов.

Видеоселектор йиғилишида, шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовнинг ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ҳамда бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани айтилиб, унга нисбатан ойлик маошининг 40 фоизи миқдорида жарима жазоси тайинлани айтилди. 

«Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Б.Атамурадов ҳам Президент қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани айтилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг