Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бу йил Ўзбекистонга 10 млн хорижий ва 20 млн маҳаллий сайёҳлар жалб қилинади

Бу йил Ўзбекистонга 10 млн хорижий ва 20 млн маҳаллий сайёҳлар жалб қилинади

Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Темурийлар уюшмаси асосчиси ва президенти (Франция) Фредерик Бопертюи-Брессан, Конрад Аденауер номидаги жамғарманинг Марказий, Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Томас Кунсе, Бутун дунё ошпазлари федерациясининг президенти, Ислом дунёси «Ҳалол» бренди асосчиси (Озарбайжон) Таҳир Амирасланов, Озарбайжон собиқ маданият вазири Абулфаз Гараевлар иштирок этди.

Дастлаб, Маданият ва туризм вазири О.Назарбеков сўзга чиқиб, охирги йилларда маданият ва туризм соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Маданият ва санъатни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор олий ўқув юртларида талабалар учун давлат стипендиялари таъсис этилганлигини маълум қилди. Шунингдек, соҳада таълим сифатини яхшилаш мақсадида салоҳиятли кадрларни етиштириш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Тизимдаги таълим муассасаларини зарур ўқув қўлланма ва ноталар тўпламлари билан таъминлаш учун 19 номдаги ўқув қўлланма ва ноталар тўпламларини 158 минг 965 нусхада чоп этилди ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 6 млрд 400 млн сўм маблағ ажратилди.

2023 йил январь-июнь ойлари давомида 492 та концерт-томоша тадбирлари ташкил этилиб, 5 млн 260 минг аҳоли қамраб олинди. 2023 йил 5 ойида концерт-томоша муассасалари томонидан ишлаб топилган жами маблағлар 8 млрд 458,8 млн сўмни ташкил этади. 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга ошди.

2023 йил январь-июнь ойлари давомида театрларда 6353 та (шундан 707 таси хайрия)спектакль сеанслари ўтказилган бўлиб, ушбу томошаларга 2 млн 432 минг (шундан 212 минг нафари хайрия тадбирларига ташриф буюрган томошабинлар) нафар томошабинлар ташриф буюрди ҳамда ушбу томошалар орқали 7 млрд 981 млн сўм маблағ ишлаб топилди.

25 та хорижий давлатларда «Ўзбекистон маданияти кунлари», туризм кўргазмалари, 7 та хорижий гастрол ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси 13 нафар аъзоларининг хорижда кўргазмалари ташкил этилди.

Маданият муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамлаш шунингдек, аҳолига сифатли маданий ва кўнгилочар хизматлар кўрсатиш мақсадида қиймати 144,2 млрд сўм бўлган 33 та давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланди.

2023 йил январь-май ойларида мамлакатга 2,6 млн нафар хорижий туристлар ташриф буюрди ва 833,5 млн АҚШ доллар миқдорида туристик хизматлар экспорти амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошди.

2023 йил 5 ойида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида 8,0 млн. нафар маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи амалга оширилди.

Хорижий сайёҳлар оқимини ошириш ва мамлакат туризми салоҳияти билан таништириш учун жорий йилнинг 11-17 май кунлари Германия туристик ассоциацияси (Deutscher Reiseverband, DRV) 80 нафардан иборат делегацияси ташрифи ҳудудлар бўйлаб ташкил қилинди ва 16 майда Тошкент шаҳрида Туризм форуми (Destination forum), V2V учрашувлар ўтказилди.

Туризм тарғиботини хорижда ташкил қилиш йўналишида Буюк Британиянинг ББC, АҚШнинг CNN, Европанинг Euronews жаҳон телекомпаниялари, АҚШнинг йирик Netflix ва Amadeus онлайн-стриминг платформалари, Хитойнинг «Trip.com» онлайн-саёҳат платформаси, Бирлашган Араб Амирликларининг «Holiday factory» сайёҳлик компанияси, «Visa Fasilitation Services Global» компанияси маъмурияти билан туризм салоҳиятини тарғиб қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Жорий йилда мамлакатга 10 млн нафар хорижий сайёҳлар жалб қилиниб, 20 млн нафар маҳаллий аҳолининг саёҳатлари ташкил этилади. Бунинг натижасида 2 млрд доллар миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилади.

Йил якунига қадар зиёрат туризми йўналишида Туркия, Индонезия, Малайзия, Покистон, Бангладеш, Япония, Исроил, Ҳиндистон ҳамда МДҲ давлатларидан 1,2 млн нафар зиёратчилар жалб қилинади.

170 та меҳмонхона, 72 та хостел, 48 та бошқа тоифадаги жойлаштириш воситалари, жами 290 та жойлаштириш воситалари ташкил этилади, соҳада 50 минг та иш ўрни яратилади, 492 та янги оилавий меҳмон уйлари ташкил этилади.

Жорий йилнинг 16-20 октябрь кунлари Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқанд шаҳрида ташкил этилади. Тадбирда 150 дан ортиқ давлат туризм вазирлари, етакчи туроператорлар, авиакомпаниялар, инвесторлар, олийгоҳлар, ОАВ вакиллари ҳамда экспертлар иштироки таъминланади. Бош ассамблея доирасида режалаштирилган инвестиция ва таълим форумлари ҳамда UNWTO туризм академияси расмий очилиш маросими ўтказилади.

Жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортган мазкур нуфузли халқаро анжуманда дунёнинг қарийб барча қитъасидан, яъни 60 дан зиёд мамлакатдан 450 дан ортиқ давлат арбоблари, сиёсатчилар, йирик бизнес вакиллари ва экспертлар, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этадилар.

«Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигининг бош мақсади – хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашишдан иборат.

Шунингдек, тадбир давомида хорижлик мутахассислар ҳам қатор долзарб мавзуларда ўз маърузаларини тақдим қилишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг