Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухородаги Пойкент харобаларидан қадимий ашёлар топилди

Бухородаги Пойкент харобаларидан қадимий ашёлар топилди

Пойкент харобаларида олиб борилган тадқиқотлар натижасида металлдан ясалган қадимий қуроллар ва бошқа жиҳозлар топилди.

Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган бу маскан узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти ва Россия давлат Эрмитажининг Бухоро экспедицияси археологлари томонидан ўрганиб келинади.

Бухоро давлат музей – қўриқхонаси реставратори Дилмурод Холовнинг билдиришича, топилмалар орасида ҳар хил ўлчамдаги ханжарлар, ниқоб бўлаклари, камон найзаси учлари, аскарлар совутидан парчалар, қўл жанги чоғида ишлатиладиган металл узуклар бор.

«Улар эрамиздан аввалги I аср ва эрамизнинг I асрига тааллуқлидир. Бу ноёб буюмлар саклар ва массагетлар даврига оид ибодатхона жанубида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида аниқланди. Бу жиҳозлар воҳамиз, умуман, Ўрта Осиёдан топилган энг қадимий металл қуроллар жамланмаси саналади», – дейди Д.Холов.

Қайд этилишича, топилмалар орасида оловни ташишга мўлжалланган, дея фараз қилинаётган капгир, ҳали нималиги аниқланмаган доирасимон жиҳоз ва қўнғироқ ҳам бор. Қўнғироқ ибодатхона учун мўлжалланган бўлиб, юзаси металлдан, ичи рангли металлдан, тилчаси суякдан иборат.

Ҳозир топилмаларни консервациялаш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Халқ сўзи» нашрининг ёзишича, асрлар давомида ер қаърида ётган топилмаларни асл ҳолига келтириш машаққатли ва серхаражат бўлиб, айни вақтда реставраторлар ҳомийлик ёрдамига муҳтож.

Маълумот учун, Пойкентдан 2000, 2016 ва 2017 йилларда олиб борилган археологик қазишмалар чоғида ҳам қадимий қуроллар топилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг