Ҳарбий хизматчиларнинг ижараси учун тўланадиган компенсацияси миқдори оширилди

2025 йил 1 мартдан ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилади.
Ушбу тартиб «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ПҚ-71-сон қарорда белгилаб қўйилди.
Шунингдек, 2025 йил 1 июндан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга тураржой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади.
Президентининг 2005 йил 30 июндаги ПҚ–112-сон қарорига киритилган ўзгартиришларга кўра, 2025 йил 1 мартдан йил якунигача Қуролли Кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:
- Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 4,8 бараваригача миқдорда;
- Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 3,6 бараваригача миқдорда;
- бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида – БҲМнинг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди.
Бунда оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
2026 йилдан ҳар йили ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда, Ҳукумат қарори билан белгилаб борилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter