Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иқтисодиётда инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда – МБ

Иқтисодиётда инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда – МБ

Июль-август ойларида нархларнинг йиллик ўсиш суръатларини мўътадиллашиши кузатилиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан баланд шаклланган. Шунингдек, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар май ойида кузатилган юқори даражасига нисбатан пасайишига қармасдан, ҳамон 14-15 фоизни ташкил этмоқда.

Бу ҳақда Марказий банк Бошқарувининг бугун, 8 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилинди.

«Келгуси ойларда иқтисодий фаолликнинг янада ортиши ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида мавсумий пул тушумларининг кўпайиши ҳисобига ялпи талабнинг ўсиши, энергия таъминоти ва ички бозорда айрим маҳсулотлар таклифи билан боғлиқ инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда», – дейилади Марказий банк маълумотида.

Қайд этилишича, истеъмол бозорларида талаб ва таклифга таъсир кўрсатувчи ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳисобига нархларга бўлган босим юқорилигича қолмоқда. Август ойида йиллик инфляция суръати 12,3 фоизни ташкил этган.

Йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16,3 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,9 ва 7,1 фоизга қимматлашган.

Август ойи натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 15,3 фоизгача, тадбиркорларнинг кутилмалари – 14,1 фоизгача пасайган бўлса-да, жорий инфляция суръатларига нисбатан юқорилигича қолмоқда.

«Шунингдек, жорий йил давомида шаклланган базавий инфляциянинг ўсувчи тренди ҳам иқтисодиётда инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Йиллик базавий инфляция августда 12,4 фоизни ташкил этиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси 9,4 фоиз бандгача ошди», – дея маълумот берилди йиғилишда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Марказий банк Бошқаруви йиллик асосий ставкани 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг