Меҳнат муносабатларида ҳарбий хизмат билан боғлиқ 14 саволга 14 жавоб
1992 йил 14 январдан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказилгани муносабати билан 1993 йил 29 декабрда 14 январни «Ватан ҳимоячилари куни» этиб белгилашга оид қонун қабул қилинган.
Қуйида ушбу кун муносабати билан меҳнат ва ижтимоий таъминот қонунчилигидаги ҳарбий хизмат билан боғлиқ энг кўп бериладиган саволларга жавоб берамиз.
- Ходим ҳарбий ҳизматга чақирилса меҳнат шартномаси қандай бекор қилинади?
Агар ҳодим ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси (меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши) билан бекор қилинади.
- Ҳарбий ҳизматга чақирилган ходим билан шартномани бекор қилишда огоҳлантириш шартми ҳамда компенсация тўланадими?
Меҳнат шартномаси 106-моддада келтирилган асосларга кўра бекор қилинганда ходимни огоҳлантириш талаб этилмайди. Шартнома 106-модданинг 1-банди яъни ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилиши муносабати билан бекор қилинса, унга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши шарт.
- Мен 1 йиллик ҳарбий хизматга кетяпман. Иш берувчи эса 99-модда билан ариза ёзиб ўз хоҳишимга кўра бўшашимни сўрамоқда. Шу тўғрими?
Амалиётда айрим иш берувчилар ишдан бўшатиш нафақасини тўламаслик мақсадида шартномани ходимнинг ўз ҳоҳишига кўра яъни 99-модда билан бекор қилишга ҳаракат қиладилар. Асло ариза ёза кўрманг! Шартномани 106-модда билан бекор қилишларини талаб қилинг! Шунда ишдан бўшатиш нафақасини ҳам оласиз.
- 1 ойлик хизматга чақирилган ходим билан ҳам шартномани
106-моддага кўра бекор қилиш керакми?
Ходим сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга чақирилганда ходимнинг иш ўрни (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.
Асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги 99-сон қарорига 1-илова «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташи тартиби тўғрисида»ги Низом.
- Муқобил хизмат нима?
Кўпчилик муқобил хизмат деганда сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни тушунади. Булар мутлақо бошқа-бошқа тушунчалардир.
Муқобил хизмат фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришининг чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида туридир.
18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, ҳарбий рўйхатда турувчи ва хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаролар, агар улар диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган, рўйхатга олинган диний ташкилотлар ҳисобида турсалар, муқобил хизмат ҳуқуқига эга.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 мартдаги 128-сон «Муқобил хизматни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг уни ўташи тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори.
- Ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларга ишга жойлашишда қандай кафолатлар бор?
МК 68-моддасига кўра, ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир. Яъни бу ҳолатда ташкилотда бўш иш ўринлари бўлсагина, ишга жойлашиш ҳуқуқига эгасиз.
Кафолатларни бериш мумкин бўлмаган ҳолларда, маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда эса, касби бўйича бепул ўқитишни таъминлайди.
Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда эса, иш берувчи Сизни ишга қабул қилишга мажбур.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 41-бандига кўра, ўрнингиздаги ходим билан эса ташкилотда бошқа иш ўринлари бўлмаса 106-моддасининг 2-банди (шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда) бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Корхона қайта ташкил этилганда ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришни унинг ҳуқуқий вориси, корхона тугатилганда эса — маҳаллий меҳнат органи амалга оширади.
- Ишга кириш жараёнида ҳарбий билетни тақдим қилиш шартми?
МК 80-моддасига кўра, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган ҳарбий хизматга мажбур ёки чақирилувчи шахслар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани тақдим этадилар.
- Муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга қандай кафолатлар бор?
МК 143-моддасига кўра, муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга таътил уларнинг хоҳиши бўйича 6 ой ўтмасдан олдин берилади.
- Ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига ҳам меҳнат қонунчилигида кафолатлар борми?
МК 144-моддасига кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак.
- Мен ҳарбийман. Аёлим ўқитувчи. Ҳарбий хизматни ўташ учун бошқа жойга юборилганимда турмуш ўртоғим иш берувчини меҳнат шартномасинини бекор қилиш ҳақида 2 ҳафта олдин огоҳлантириши шартми?
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак. Масалан, турмуш ўртоғининг ҳарбий хизматни ўташ учун бошқа жойга юборилиши. Яъни Сиз бошқа ҳудудга ротация бўлсангиз аёлингиз 2 ҳафта ишлаб беришга мажбур эмас. Агар муддатли шартнома тузилган бўлса, ходим неустойка тўлашдан ҳам озод қилинади.
- Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи бўлганлиги учун бир жойда муқум турмаймиз, кўчиб юрамиз. Ишга жойлашишим учун имконият йўқ. Шу ҳолатда менга қандайдир имтиёз борми?
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 37-моддасига кўра, офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Бу давр умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади. Яъни юқоридаги 10 йиллик давр қўшилиши учун, Сизда камида 7 йил иш стажингиз бўлиши шарт.
- Муддатли ҳарбий хизмат пенсияга чиқаётганда иш стажига қўшиб ҳисобланадими?
Ҳарбий хизматда бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Асос: Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 37-моддаси.
- Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчиман. Менга меҳнат қонунчилигида қандай кафолатлар бор?
Меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси (больничный) ишлаётган 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига, байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга, Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ёки ундан жабрланганларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланиши лозим.
1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак (МК 144-моддаси).
1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади (МК 150-моддаси ).
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг
38-моддаси «а» бандига мувофиқ, ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговор ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговор ҳаракатларда иштирок этиш — уч ҳисса баробарида пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар доираси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарорига 1-ИЛОВА «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга 1-илова Уруш қатнашчиларига тенглаштириладиган шахслар рўйхатида белгиланган.
- Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматни бажариш чоғида яраланганлиги оқибатида ҳалок бўлган. Мен мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Менга қандайдир имтиёз борми?
Солиқ кодекси 380-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари) қисман (даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (2023 йил январь ойи ҳолатига кўра 920 минг сўм) 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) солиқ солишдан озод этилади.
Масалан, 3 млн ойлик олсангиз, 1 миллион 297 минг сўм миқдордаги иш ҳақингиздан 12 фоиз даромад солиғи ушланмайди. Қолган иш ҳақингиздан эса солиқ ушланади.
Бу имтиёз фақат янги никоҳдан ўтилмаган тақдирда берилади.
Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter