Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Миллий автомобилсозлик тарихи: ҳамкорлик ва рақамлар

Миллий автомобилсозлик тарихи: ҳамкорлик ва рақамлар

Ўзбекистонда саноат ривожланишида автомобилсозлик соҳаси алоҳида устувор аҳамиятга эга бўлган истиқболли соҳалардан бири ҳисобланади. Хусусан, автомобилсозлик бизнеси ички бозорда аҳолининг автомобилларга бўлган талабини қондириш, мамлакатдан валюта чиқиб кетиш оқимини камайтириш ҳамда экспорт орқали давлатга валюта тушумини ошириш асосида тўлов балансининг ижобий сальдосини таъминлашда сезиларли улушга эга эканлиги айтилади.

Шунингдек, соҳанинг ривожи аҳоли бандлигини таъминлаш, реал даромадларини ошириш каби муҳим ижтимоий муаммоларни бартараф этишга ҳизмат қилади. Бундан ташқари капитал талаб ва билимталаб соҳа сифатида ижтимоий-иқтисодий тараққиётда муҳим роль ўйнайди. Автомобилсозлик соҳасига муттасил қизиқиш ҳамда унинг инсоният ҳаёт тарзига сезиларли таъсири кўплаб тадқиқотларда ўз тасдиғини топган.

Миллий автомобилсозлик тарихи 1992 йилда Жанубий Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчи корхона барпо этишга келишиб олинган кундан бошланади. 1993–1996 йилларда Асака шаҳрида «Uz-DAEWOO» заводи барпо этилди ва «Дамас», «Тико», «Нехиа» русумли автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 1996 йилда 25,3 минг, 1997 йилда 64,9 минг, 1998 йилда 54,4 минг, 1999 йилда 58,4 минг, 2004 йилда 70 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилди. «Uz-DAEWOO» заводида 1999–2003 йилларда «Матиз», «Лаcетти» русумли автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўзбекистон дунёда автомобиль ишлаб чиқарувчи 28-мамлакатга айланди. «Uz-DAEWOOavto» заводи 10 йил (1996–2006 йил июнь) давомида 571 580 та автомобиль тайёрлади, уларнинг 198 609 таси хорижга экспорт қилинди.

Самарқандда автобус ва юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «СамКочавто» заводи қурилди ва 1999 йилда ишга туширилди. 2000 йилда «СамКочавто» заводи 483 та автобус, 102 та юк автомобили ишлаб чиқарди.

Республикада автомобилларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи ўнлаб янги корхоналар ишга туширилди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида автомобилларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган 61 та қўшма корхоналар қурилиб ишга туширилди.

2007 йилда «Ўзавтосаноат» уюшмаси билан АҚШнинг General Motors компанияси ўртасида «GМ–Uzbekistan» қўшма корхонаси ташкил этилди.

2009 йилдан Германиянинг «MAN Nutzfahrzeuge AG» концерни ҳамкорлигида «MAN Auto–Uzbekistan» қўшма корхонаси ташкил этилиб, «MAN» юк машиналари ишлаб чиқилмоқда. Самарқандда барпо этилган ва ишга туширилган «SamKochavto» заводида автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.

Машинасозлик саноатининг йирик корхоналари – Тошкент трактор заводи, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, Тошкент агрегат заводи ва бошқа корхоналар мустақилликнинг дастлабки йилларида учраган қийин чиликларни енгиб ўтди. Биргина Тошкент трактор заводида 2000 йилда 954 та, 2001 йилда 1002 та трактор ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги пайтда йилига 3,5–4 минг донагача трактор, минглаб тиркамалар ишлаб чиқарилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг