Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Қирғизистонга экспорт қилинган «ток» бўйича изоҳ берди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Қирғизистонга экспорт қилинган «ток» бўйича изоҳ берди

Бир муддат олдин Ўзбекистон қўшни Қирғизистонга 145,6 млн киловатт-соат ҳажмдаги электр энергиясини қайтариб бергани ва бу катта эҳтимол билан ўтган қиш мавсумида транзит давлат сифатида ушлаб қолинган «қарз» билан боғлиқ экани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.

Ўзбекистон энергетика вазирлиги ушбу хабар юзасидан расмий изоҳ берди.

Унга кўра, Марказий Осиё давлатлари энергетика тизими, хусусан, Қирғиз ва Ўзбекистон Республикалари энергетика тизими параллел равишда ишлайди.

Шуни ҳисобга олган ҳолда икки мамлакат энергетика компаниялари ўртасидаги келишувга асосан, электр энергиясини етказиб бериш ўзаро товар айирбошлаш (олган миқдори ҳажмида қайтариш) шарти билан амалга оширилади.

Шунга асосан, 2023 йил баҳор мавсумида (айрим ОАВларда талқин қилинганидек, қиш мавсумида эмас) Ўзбекистондан Қирғиз Республикасига (ички истеъмол паст даврда) 150 млн кВт-соат электр энергияси етказиб берилган.

Ўз навбатида, келишувга асосан, ушбу ҳажмдаги электр энергиясини Қирғиз Республикаси Ўзбекистонга ёз мавсумида қайтаради. Шу билан бирга, Қирғиз томони Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун шу даврда Норин дарёси орқали сув етказиб беради.

«Электр энергияси шундай нарсаки, агар ортиқчасини қайсидир линияга улаб юборилмаса, бесамар йўқолади. Ўзбекистон томони баҳор фаслида ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини қўшни республикага йўналтирилган. Эвазига ёзда улар ортиқча ишлаб чиқариладиганини Ўзбекистонга йўналтиради.

Шунингдек, Норин дарёси орқали бизга қўшимча миқдорда сув ҳам берилади.

Арзимаган маблағ эвазига Қирғиз Республикасига катта миқдорда электр энергияси етказиб берилгани ҳақидаги хабарлар, шу жиҳатдан мутлақо асоссиз», – дейди вазирлик Матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг