Ўзбекистон рус гази импортини октябрдан бошлайди
Қозоғистоннинг QazaqGaz ширкати жорий йилнинг октябр ойидан Ўзбекистонга Россия газини ташишни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Санжар Жаркешов маълум қилди.
«Миллий компания раҳбари Марказий Осиё магистрал газ қувурининг Қозоғистон қисми – Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга ташиш маркази бўйича тайёргарлик ишларининг боришини кўздан кечирди. Ўзбекистонга газ транзити 2023 йил октябрь ойида бошланиши режалаштирилган», – дейилади Казинформ агентлиги хабарида.
Шунингдек, компания барча техник тадбирлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ тўлиқ ҳажмда амалга оширилаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июл ойи ўрталарида Россиянинг «Газпром» компанияси ва QazaqGaz ўртасида Россия табиий газини Ўзбекистонга транзит қилиш бўйича келишув имзоланган эди.
Энергетика вазирлиги ҳам Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши ҳамда йиллик ҳажм қарийб 2,8 миллиард кубометрни ташкил этишини маълум қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter