Ўзбекистонда «Фидойи қутқарувчи» медали таъсис этилиши мумкин
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси ҳамда қутқарув ишларини амалга ошириш соҳасида хизмат қилаётган шахслар меҳнатини муносиб баҳолаш, уларни рағбатлантириш ва касб нуфузини ошириш мақсадида «Фидойи қутқарувчи» медалини таъсис этиш режа қилиняпти.
Бу борада ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси фавқулодда вазиятлар вақтида инсон ҳаётини сақлаб қолиш, аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш йўлида алоҳида жасорат, матонат ва фидойилик кўрсатган шахсларни давлат даражасида рағбатлантиришни назарда тутади.
Қонун лойиҳасига мувофиқ «Фидойи қутқарувчи» медали қуйидаги ҳоларда берилиши мумкин:
- узоқ йиллар давомида ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини сақлаб қолишда шахсан иштирок этган;
- қутқарув ишларида алоҳида фидойилик ва жасорат кўрсатган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари;
- халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий давлатларда юз берган фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этган идора ва ташкилотлар вакиллари;
- кўнгилли қутқарувчилар;
- айрим ҳолларда тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида биринчи ёрдам кўрсатиб, инсон ҳаётини сақлаб қолган ёки оғир оқибатларнинг олдини олган шахслар;
- фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда жасорат ва жонбозлик намунасини кўрсатган Ўзбекистон Республикаси ва чет эл фуқаролари;
- Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими таркибига кирувчи ташкилотларнинг фуқаро муҳофазаси бошлиқлари, мутахассислари ва қутқарувчиларига берилиши мумкин.
Қайд этилишича, медалнинг таъсис этилиши фидокорона хизматларни муносиб тақдирлаш ҳамда қутқарувчиларни маънавий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Манба: regulation.adliya.uz


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter