Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонликлар учун Германияга ишчи виза шартлари енгиллашади

Ўзбекистонликлар учун Германияга ишчи виза шартлари енгиллашади

Самарқандда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев ҳамда Германия Федератив  Республикаси Ички ишлар ва Ватан вазири Нэнси Фезернинг мулоқоти бўлиб ўтди.

Германия Федератив  Республикаси расмийси учрашувда миграция масаласида бир қатор енгилликлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.

«Миграция масаласида бир қатор енгилликлар ишлаб чиқилмоқда. Битим доирасида немис иш берувчилари учун ўзбекистонликларни соддалаштирилган тартибда ишга қабул қилишга тайёрмиз», – деди Нэнси Фезер хоним.

Шунингдек, Самарқандда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Германиянинг «Globogate Concept AG» концерни ўртасида ҳам ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Унга кўра, Тошкентда «Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси» ташкил этилади.

Қайд этилишича, шу вақтгача Германияда тиббиёт соҳасида ишлаш истагида бўлган ҳамюртларимиз ушбу давлатга боргач, 6-8 ой вақтини мослашиш учун сарфлаган. Янги лойиҳага кўра бундай бўлмайди. Ўзбекистоннинг ўзида касб ва тилга мақсадли ўқитилади.

«Даволаш бўйича Европадаги иккинчи йирик Университет клиникаси Аахен билан биргаликда Тошкентдаги Абу Али Ибн Сино номидаги 1-Республика тиббиёт техникуми базасида немис тиббий-таълим дастурлари асосида «Ҳамширалар  учун Германия тиббиёт академияси» ташкил қилинади. Бир йил давомида касб ва тил ўргатилади. Муҳими, улар диплом олиш билан бир қаторда Германияда ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификатни ҳам қўлга киритади», - деди «Globogate Concept AG» концерни бош директори Санг Ву Пай.

Шартномада фуқаролар ҳуқуқлари икки давлат қонунлари билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон томони Германиянинг «DB Engineering Consulting Operations Group» компанияси билан ҳам айни мақсадга қаратилган баён имзолади.

«Deutsche Bahn» - Германиянинг асосий темир йўл оператори бўлиб, 100 фоиз давлат иштирокидаги акциядорлик жамияти ҳисобланади. Компаниянинг умумий айланма капитали 76 млрд 303 миллион еврони ташкил қилади.

Эндиликда Германияда транспорт, муҳандислик соҳаларида ишлаш истагида бўлган ўзбекистонликлар ушбу давлат стандартлари асосида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Транспорт вазирликлари қошидаги касбий таълим муассасаларида германиялик мутахассислар томонидан тил ва касбга ўргатилади.

«Германия темир йўл транспорти, автобус, метрополитен тизими учун мутахассисларга эҳтиёжимиз баланд ва уларни немис стандартлари асосида Ўзбекистонда ўқитиб, касб ва тил имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни эса «Deutsche Bahn» тармоғига ишга жойлаштиришга тайёрмиз»,– деди Нико Варбанофф. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг