Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик иш ҳақи қанчалиги айтилди

Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик иш ҳақи қанчалиги айтилди

2022 йил январ-сентябр ойларида Республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3 млн 721,8 минг сўмни ташкил этиб, (2021 йил мос даврида 2 млн 978,9 минг сўм бўлган) 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 124,9 фоизга етган.

Қайд этилишича, Давлат статистика қўмитаси ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда жами 3 013 874 нафар ходим маълумотларидан фойдаланган.

Шунингдек, ҳисобот давридаги ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичини шакллантиришда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субектлари ҳисобга олинмаган, чунки фермер хўжаликлари ҳамда кичик тадбиркорлик субектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этиши белгиланган.

2022 йил январ-сентябр ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи – банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, 9 млн 734,1 минг сўмни ташкил этди. Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳаси 6 млн 976,8 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳаси 4 млн 854,8 минг сўмни ва саноат соҳаси 4 млн 706,0 минг сўмни ташкил этиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил қилди.

Таълим (2 596,8 минг сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (2 510,3 минг сўм) соҳалари эса бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи поғоналарда эканлигини кўришимиз мумкин.

Жумладан, таълим соҳасининг асосий тармоқлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи олий таълим (5 млн 766,9 минг сўм)да бўлса, энг паст кўрсаткич мактабгача таълим (1 млн 499,3 минг сўм)да кузатилди.

Ҳудудлар кесимида эса таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (3 млн 966,1 минг сўм), Тошкент (2 млн 610,8 минг сўм) ҳамда Андижон вилоятларида (2 млн 605,0 минг сўм) кузатилди. Юқори ўсиш суръати Тошкент шаҳрида (120,9  фоиз), Андижон (118,5 фоиз), Хоразм (118,2 фоиз) ҳамда Навоий вилоятларида (117,5 фоиз) қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасининг фаолият тури бўйича эса ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (2 млн 952,5 минг сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (2 млн 729,0 минг сўм) ҳамда Андижон вилоятида (2 млн 636,2 минг сўм) кузатилди. Юқори ўсиш суръати Навоий (130,3 фоиз), Жиззах (126,9 фоиз) ҳамда Қашқадарё (125,8 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг