Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Шавкат Мирзиёевнинг асарлари Туркияда чоп этилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг асарлари Туркияда чоп этилди

Президент Шавкат Мирзиёев асарлари Туркияда нашр этилди. “Yeni Özbekistan – geleceği  büyük devlet” (“Янги Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”) деб аталган тўплам Туркия Маданият ва туризм вазирлиги, Кутубхоналар ва нашриётлар бош бошқармаси ва ушбу мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси маданият ва тарғибот бўлимининг ташаббуси билан профессор Фират Пурташ бошчилигидаги гуруҳ томонидан тайёрланди.

Аввал хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 февраль куни Туркияда Президент ҳузуридаги халқ кутубхонаси очилишида қатнашган эди.

Мазкур маросимда “Yeni Özbekistan – geleceği  büyük devlet” китобининг илк нусхаси Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан муаллифга тақдим этилган.

Китоб Туркия раҳбари сўзбоши билан чоп этилган. Унда Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзбекистонлик ҳамкасбини “қадрли биродар” деб атаган ва 100 йил аввал истиқлол учун курашда турк халқига елкадош бўлган қардош миллатга миннатдорлик изҳор этган.

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойга кўра, икки халқ ўртасидаги тобора мустаҳкамланиб бораётган қардошлик ришталари мазкур тўпламнинг яратилишига туртки берган. Тўпламни чоп этишдан кўзланган мақсад Онадўли аҳлига – турк китобхонларига Ўзбекистонни янада яқинроқ таништиришдан иборатдир.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик муносабатлари стратегик шериклик даражасига чиқди. Бунда эса икки давлат раҳбарининг дўстона муносабати муҳим аҳамият касб этди. Уч йил ичида президентлар 7 марта учрашди.

Ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга қўшилишини барча туркий мамлакатлар, аввало, Туркия қизғин қўллаб-қувватлади.

Туркия – Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2019 йилда ўзаро савдо ҳажми 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Ўтган йилнинг ўзида қўшма ширкатлар салкам 500 тага кўпайиб, қарийб 1 минг 300 тани ташкил этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг