Қашқадарёда мансабдор шахс 3 минг доллар пора билан қўлга тушди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасасининг Қашқадарё вилояти бўлинмаси мансабдор ходими пора билан қўлга тушди.
У ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши туманида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан махсус техникалар ёрдамида Қашқадарё дарёси атрофидан ноқонуний равишда қум қазиб олаётганлик ҳолатини аниқлаб, унга нисбатан чора кўрмаслик ва ушбу ноқонуний ҳолат юзасидан жарима майдончасига жойлаштирилган экскаватор-юклагич техникасини чиқариб бериш, шунингдек, келгусида қум қазиб олишида раҳнамолик қилиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё вилоятидаги қурилиш объектларида назорат ўлчов фаолиятини амалга оширувчи МЧЖнинг етакчи мутахассиси Жиззах вилоятида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жорий йилнинг май ойида прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, ушбу МЧЖ томонидан Янгиобод туманида амалга оширилган қурилиш ишлари бўйича ўтказилган назорат ўлчовида аниқланган қўшиб ёзиш ҳолатларини текширув хулосасида кўрсатмаслик ҳамда танишлари орқали тергов жараёнларида енгиллик яратиб бериш эвазига 400 млн сўм талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда етакчи мутахассис талаб қилинган пул маблағидан 150 млн сўм олган вақтида ушланди.
Ҳолат бўйича қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари ҳамда 28,211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter