Сербия ўзбекистонлик мигрантлар учун виза режимини юмшатиши мумкин

Айни кунларда Сербия давлатида бўлиб турган Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги мамлакат делегацияси Сербия меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазири Неманя Старович, Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Никола Стоянович ва Сербия Ички ишлар вазирлиги давлат котиби Владан Загражанин билан музокаралар ўтказди.
Учрашувлар чоғида ташқи меҳнат миграцияси, виза тартибини соддалаштириш, шунингдек, Сербияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Миграция ва мобиллик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқиш ҳамда имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.
Бундан ташқари, ҳар икки томон учун қулай вақтда икки давлат консуллик-ҳуқуқий департаментлари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Томонлар иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хусусан, икки давлат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш учун шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтиришга келишиб олдилар.
Ташриф натижалари Ўзбекистоннинг Сербия билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва томонларни қизиқтирган турли соҳаларда манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истагини тасдиқлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter