Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Куала-Лумпурда бўлиб ўтган қўшма бизнес форумда иштирок этди

Шавкат Мирзиёев Куала-Лумпурда бўлиб ўтган қўшма бизнес форумда иштирок этди

Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган қўшма бизнес форумида иштирок этдилар.

Тадбирда икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 200 дан зиёд раҳбарлари ва бошқа кўплаб компаниялар вакиллари қатнашди.

Президент Мирзиёев ўз нутқида бугун бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокараларда Ўзбекистон-Малайзия шериклигини инновацион ривожлантиришнинг икки йиллик даврини бошлаш бўйича келишувга эришилгани, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинганини таъкидлади.

– Мақсадимиз - муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, - деди Президент.

Малайзия Ўзбекистоннинг муҳим инновацион ва технологик ҳамкоридир. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Малайзия ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг қатор устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Бу, энг аввало, электроника ва яримўтказгичлар саноатида узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтиришдир. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар, маълумот марказлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Газ-кимё ва кимё саноати муҳим йўналиш ҳисобланади. Полимерлар, «яшил» водород ва аммиак ишлаб чиқариш бўйича стратегик лойиҳаларни тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.

Қурилиш соҳасининг жадал ривожланиши инновацион ва экологик тоза қурилиш материалларига талабни оширмоқда. Ўзбекистон Президенти Малайзия компанияларини мамлакатимиз ҳудудларида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга чақирди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари қайд этилди. Замонавий клиникалар қуриш, Малайзиянинг илғор тажрибаси асосида инновацион фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш шулар жумласидан.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Шу нуқтаи назардан, «ақлли» қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва «ҳалол» стандартларини қўллаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдорлик билдирилди.

Давлатимиз раҳбари Малайзиянинг етакчи компания ва банкларини Ўзбекистоннинг телекоммуникация, энергетика, банк-молия ва бошқа соҳалардаги давлат активларини хусусийлаштиришда фаол иштирок этишга таклиф этди.

Бундан ташқари, геология, таълим, транспорт, зиёрат туризми каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси малайзиялик ишбилармонларнинг қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиши катта эканини, улар технологиялар ва билимлар билан ўртоқлашишга тайёрлигини мамнуният билан қайд этди.

Шу муносабат билан Тошкент вилоятида Малайзия компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилиши маълум қилинди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари навбатдаги қўшма бизнес форумини шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг