Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сирдарёда бюджетга жуда кўп миқдорда зарар етказган майнинг ферма аниқланди (видео)

Сирдарёда бюджетга жуда кўп миқдорда зарар етказган майнинг ферма аниқланди (видео)

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тегишли идоралар ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Сирдарё туманидаги чорвачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият биносида хориждан келтирилган жами 107 дона «Innosilicon T3», «Whatsminer M21S» ва «Antminer S9 Bitmain» қурилмаларидан фойдаланиб, криптовалюта ишлаб чиқариш билан шуғулланилган.

Аниқланишича, ушбу мақсадда 2022 йилнинг апрель ойидан 2024 йилнинг март ойига қадар МЧЖга қарашли электр ҳисоблагичнинг иккиламчи занжирини вақти-вақти билан узиб, ҳақиқатда оқиб ўтаётган қувватни яшириш орқали ҳисоблагич кўрсаткичини сунъий камайтириш йўли билан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига 34 млрд 367 млн сўм миқдорида зарар етказилган.

Агарда МЧЖ раҳбарлари томонидан талон-торож қилинган 39,3 млн кВт электр энергиясидан оқилона фойдаланилганида, вилоятнинг Боёвут, Сардоба, Оқолтин ва Гулистон туманлари аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжини қоплаш мумкин эди.

Ҳозирда МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг