Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Судлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун соҳа рақамлаштирилади

Судлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун соҳа рақамлаштирилади

Жамиятда қонунустуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини бермоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, фуқароларнинг судлар фаолияти ва суд ишлари тўғрисида эркин ахборот олиш ҳуқуқини таъминланиши очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Мазкур ҳуқуқ эса, очиқ ва ошкора суд муҳокамасида иштирок этиш, суд органларидан маълумот сўраш ва судлар фаолияти тўғрисида ҳамма учун очиқ бўлган маълумотларни олиш орқали таъминланади.

Албатта, замонавий дунёда мазкур усулларни ахборот-технологияларини тўлиқ жорий этмай туриб, амалга ошириш имкони йўқ. Шу боис мамлакатимизда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ислоҳот соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.

Хўш, соҳани рақамлаштириш нималарда кўринади?

Бунга жавобан шуни таъкидлаш жоизки, видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали суд мажлисида иштирок этиш, судлар томонидан кўриладиган ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, суд якуний хулосаларини интернет тармоғида жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда ижро ҳужжатларини ахборот технология воситаларидан фойдаланиб электрон шаклда юбориш каби механизмлар жорий этилди.

Албатта, бу ҳақда фикр юритганда, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш фуқаролар, жамият ва судлар фаолиятига қандай ижобий таъсирини кўрсатади, деган ҳақли савол туғилади.

Аввало, бу фуқароларни судларга ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз мурожаат қилиш имокниятини беради. Бугунги кунда ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс даъво ариза, ариза ва шикоятларини “exsud.sud.uz” сайти орқали электрон кўринишда юбориши мумкин. Шунингдек, Олий суди томонидан “my.sud.uz” сайти орқали “судга электрон мурожаат юбориш”, “судга мурожаат намуналари”, “давлат божи калькулятори”, “электрон тўлов тизими”, “суд қарорларини онлайн олиш” каби интерактив хизматларнинг йўлга қўйилгани фуқароларнинг мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Иккинчидан, фуқароларни суд ишларида иштирок этиш имкониятини оширади. Аниқроқ айтганда, фуқаролар бугунги кунда видеоконференцалоқа режимидан фойдаланилган ҳолда суд ишларини юритишга иштирок этиш имкониятига эга.

Учинчидан, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади. Жумладан, бугунги кунда мазкур маълумотларни онлайн тарзда олиш имконини берувчи “stat.sud.uz” сайти ишга туширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тўртинчидан, судларнинг иш фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қилади. Буни “Адолат” ахборот тизимлари комплекси орқали кўриш мумкин. Мазкур тизим орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш ва суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш имконини бермоқда.

Бешинчидан, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади. Шу муносабат билан судлар суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратиши долзарб аҳамиятга эга.

Дилмурод Артиков,
Судьялар олий мактаби доценти,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори(PhD)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг