Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яқин Шарқ муаммоси пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш билан ечилади – Шавкат Мирзиёев

Яқин Шарқ муаммоси пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш билан ечилади – Шавкат Мирзиёев

Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бошланди. Унда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқи аввалида ташкилотнинг навбатдаги саммитини юксак даражада ташкил этгани ва кўрсатилаётган анъанавий меҳмондўстлик учун Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга миннатдорлик изҳор этишдан бошлади.

Шунингдек, Мирзиёев Қирғизистоннинг ТДТда иқтисодий интеграция, умумий тараққиёт, рақамли келажак ва хавфсизлик йўналишларида шерикликни асосий мақсад этиб белгилаган раислиги даври муваффақиятли ўтишини тилади ва Қозоғистон томонини тузилмада ўтган самарали раислиги билан табриклади.

«Минг афсуски, Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувларимиздан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олди. Етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда.

Албатта, буларнинг салбий таъсири ва оқибатларини давлатларимиз ҳар томонлама сезиб турибди. Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларимизга жиддий тўсиқ бўлмоқда, десам, бу – айни ҳақиқатдир.

Ташкилотимиз доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатларимиздан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позициямизни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқдир.

Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз.

Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси, шу билан бирга, кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммити ҳақида ҳам тўхталиб, саммитда бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид қилишини билдирди.

«Хавфсизлик ҳақида тўхталганда, Афғонистон масаласи Ташкилотимиз доирасида доимо диққатимиз марказида бўлиши лозим. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимдир.

Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз», – деди Ўзбекистон етакчиси. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг