Отанинг пушаймони
Уильям Ливингстон Ларнед
Ушбу мактуб юзлаб журналлар ва газеталарда чоп этилган. Бир неча тилларда босилган. Муаллиф уни мактаб, муассаса ва кафедраларда ўқишга ижозат берган. Турли радиодастурлар «Отанинг пушаймони»ни сон-саноқсиз эшиттиришларда ҳаво мавжларига узатган. Ундан коллежларнинг даврий нашрлари ва ўрта мактаблар журналлари ҳам фойдаланди. Бундан ажабланмаслик керак. Баъзан унча катта бўлмаган асар ҳам ақл бовар қилмас даражада муваффақият қозонади. Мазкур ҳикоя, шубҳасиз, ана шундай мавқега эришди. Бу мактубни ҳар бир ота-она ўқиши ва бошқалар билан бўлишиши керак. Зеро, унинг ҳеч қандай зиёни йўқ, аксинча фойдаси бисёр. Марҳамат, сиз ҳам ўқиб, болага қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида бир қур ўйлаб кўринг.
Қулоқ сол, ўғлим. Мен бу сўзларни сен ухлаётган пайтда айтяпман; сенинг жажжи қўлларинг лунжинг тагида, сарғиш сочларинг эса терлаган пешанангга ёйилган. Мен хонангга ёлғиз ўзим, билдирмасдан кирдим. Бир неча дақиқа аввал кутубхонада газета ўқиб ўтирганимда, мени пушаймонликнинг оғир тўлқини шиддат билан қамраб олди. Мен ўз айбимни ҳис этган ҳолда сенинг жажжи каравотинг тепасига келдим.
Биласанми, нималар ҳақида ўйладим, ўғлим: мен ўзимнинг нохуш кайфиятимни сенга сочиб юборибман. Кийинаётганингда сени уришиб бердим. Сен мактабга отланаётиб, юзингни ҳўл сочиқ билан артаётгандинг. Шунда мен сени пойафзалимни тозаламаганинг учун қаттиқ койидим. Эгнингдан ниманидир олиб, полга ташлаганингда, ниҳоятда жаҳлим чиқиб бақириб юбордим.
Мен нонушта устида ҳам сенга ёпишдим. Сен чойни полга тўкиб қўйдинг. Сен овқатни очофатларча ютдинг. Сен тирсакларингни дастурхонга қўйдинг. Сен нонга ёғни кўпроқ суртиб юбординг. Шундан сўнг ўйнаш учун ташқарига чиқиб кетаётганингда, мен поездга шошилаётгандим. Сен менга бурилиб қараб, қўлингни силкитдинг ва: «Дада, хайр, кўришгунча!» – дединг. Мен эса қовоғимни солганимча жавоб бердим: «Елкаларингни тўғрила!»
Кейин кун охирида ҳаммаси яна қайтадан бошланди. Мен йўлак бўйлаб уйга қайтар эканман, сенинг соққачаларни тиззалаб ўйнаётганингга кўзим тушди. Пайпоғингда тешиклар бор эди. Шунда мен сени ўртоқларинг олдида камситдим, олдимга тушиб уйга юришга мажбур қилдим. «Пайпоқлар жуда қиммат туради, агар сен шахсий пулингга олганингда ниҳоятда сариштали бўлардинг!» Тушуняпсанми, ўғлим, бу гапларни мен, сенинг отанг айтди!
Эсингдами, кейин сен мен китоб ўқиб ўтирган кутубхонага қандай кирдинг: журъатсиз, нигоҳингда дард билан. Мен халақит беришаётганидан ғазабланиб, газета устидан қараганимда сен қўрқа-писа эшик ёнида тўхтаб қолдинг. «Сенга нима керак?» – кескин сўрадим мен.
Сен ҳеч нима деб жавоб бермадинг, бироқ бирдан чопиб келиб, бўйнимдан қучоқладинг ва мени ўпдинг. Сенинг қўлчаларинг мени меҳр-муҳаббат билан опичлар, Худованди каримнинг кўнглингга солган бу меҳри менинг эҳтиётсизлик билан йўл қўйган муносабатимни буткул ювиб юборган, адойи тамом қилган эди. Шундан сўнг сен жажжи оёқчаларингни бир-бир босиб, зинадан тепага чиқиб кетдинг.
Кўп ўтмай менинг қўлларимдан газета сирғалиб тушди, бутун вужудимни даҳшатли, кўнгилни айнитадиган бир қўрқув қамраб олди. Бу одат мени қандай аҳволга солди ўзи? Бировни асоссиз айблаш одати, ҳадеб койийвериш – кичкина бўлганинг учун менинг сенга берган мукофотим ана шу эди. Сени яхши кўрмаслигим мумкин эмас, аммо гап шундаки, мен ёшликдан жуда кўп нарсани кутганман ва сени ўзимнинг йилларим билан ўлчабман.
Сенинг табиатингда эса соғлом, гўзал ва самимий жиҳатлар шунчалик кўпки, бу – митти кўнглинг улканлигидан далолат беради, бу ҳув анови тепаликлар ортидаги субҳидам нурларига ўхшайди. Бу сенинг ухлашдан олдин мени ўпиш учун кирганингда беихтиёр бирдан шиддат билан бағримга ўзингни отганингда намоён бўлди. Бугун бундан бошқа ҳеч ниманинг аҳамияти қолмади, ўғлим! Мен қоронғида каравотинг тепасига келиб, минг бир хижолатга тушиб, олдингда тиз чўкдим!
Бу – заиф ҳолда гуноҳни ювиш демакдир. Биламан, сен уйғонганингда, бу гапларнинг ҳаммасини айтганимда ҳам тушунмасдинг, ўғлим. Аммо эртага мен ҳақиқий ота бўламан! Мен сен билан дўстлашаман, қийналсанг, бирга қийналаман, кулсанг, мен ҳам бирга куламан. Жаҳлим чиқиб, бирорта аччиқ сўз чиқадиган бўлса, тилимни тишлайман. Мен: «У ҳали бола-ку, кичкина бола-ку», деган гапни худди қасамёд каби тинмай такрорлайман.
Ўғлим, мен сени фикран вояга етган эркак ўрнида кўрганимдан қўрқиб кетдим. Бироқ ҳозир, каравотинг тепасида сенга ҳорғин тикилиб турар эканман, тушунаман, сен ҳали боласан. Сен ҳали кечагина онангнинг қўлида, бошинг эса унинг елкасида эди. Мен ҳаддан зиёд, ҳаддан зиёд талаб қилганман.
Рус тилидан Фатҳулла Намозов таржимаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter