Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Энг кам иш ҳақи миқдорининг оширилиши. Одамларни нима чалғитмоқда?

Энг кам иш ҳақи миқдорининг оширилиши. Одамларни нима чалғитмоқда?

Фото: «Xabar.uz»

Сўнгги кунларда энг кам иш ҳақининг миқдорига оид эълон қилинган хабарлар ортидан турли тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Айримлар мазкур хабарни бироз нотўғри талқин қилишаётганлиги сабабли, соҳа мутахассиси сифатида қисқа изоҳ бериб ўтмоқчиман.

Ўзи нима бўлди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 январдаги 47-сонли қарорига биноан, меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритилди ва 1-, 2- ҳамда 3-разрядлари коэффициентлари оширилди.

Киритилган қўшимчалар шуни англатадики, ходимларга тўланадиган иш ҳақининг энг кам миқдори 577 минг 172 сўм этиб белгиланди (илгари 501 минг 959 сўм эди).

Бу нима дегани?

Бундан 1 йиллар олдин шу мавзуга оид мақолам эълон қилинганди. Ўшанда Президент Фармони билан белгиланадиган энг кам иш ҳақи миқдори (ҳозирда 202 минг 730 сўм) бу Ўзбекистонда ходимлар энг кам шунча иш ҳақи олади дегани эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилгандим.

Президент қарорида келтириладиган ЭКИҲ суммаси бу солиқлар, мажбурий тўловлар, жарималар тўлаш учун асос бўлади. Ходимларга тўланиши керак бўлган «ойлик» эса бошқачароқ ҳисобланади.

Аниқроғи ходимларнинг лавозим оклади Президенти Фармони асосида белгиланган ЭКИҲни Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2009 йилдаги 206-сонли қарори билан тасдиқланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасидаги тариф коэффициентига кўпайтириш орқали ҳисобланади (қуйидаги суратга қаранг).

Масалан, келинг, исталган бир разряддаги ходимнинг окладини ҳисоблаб кўрамиз.

Айтайлик, Сизни 7-разряд бўйича ишга қабул қилишди. Жадвалга эътибор қилсак, 7-разряд учун 4,284 тариф коэффиценти берилган.

Бундай вазиятда Сизнинг лавозим окладингизни ҳисоблаш учун ана ўша 4,284 коэффицентни Президент Фармони билан белгиланган ЭКИҲ миқдорига кўпайтирамиз.

202 730 х 4,284 = 868.495

Демак, 7-разрядга ишга кирган ходимнинг лавозим оклади 868 минг 495 сўмни ташкил қилади.

Одамларни нима чалғитмоқда?

Иккала ҳолатда «энг кам иш ҳақи» деган атама одамларни чалғитяпти.

Бу мавзу юзасидан фикр берадиганлар орасида «Президент Фармони билан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори фақат ҳисоб-китоблар учун амал қилса, лекин аслида мамлакатдаги энг кам тўланиши керак бўлган иш ҳақи 1-разряд бўйича 577 минг 172 сўмни ташкил этса, унда балки ЭКИҲнинг номини ўзгартириш керакдир» деган таклифлар ҳам йўқ эмас.

Хулосалар

Қуйидагиларни билиб қўйсангиз зарар қилмайди:

  • ЭКИҲ 202 минг 730 сўм эканлиги, бу 1 ставкада ишлайдиган ходимлар шунча ойлик олади дегани эмас. Ўзбекистонда ҳар қандай лавозимдаги иш учун 1 ставкада ишлайдиган ходимга 577 минг 172 сўмдан кам иш ҳақи тўлаш мумкин эмас;
  • 2-3 кундан буён чиқаётган «энг кам иш ҳақи оширилди» деган хабарлар, бу ҳамманинг иш ҳақи ошади дегани эмас. Фақат энг пастки 3 та разрядда ишлайдиган ходимларнинг ойлиги ошади холос;
  • «энг кам иш ҳақи оширилди» деган хабарларнинг талабалар контракти ёки солиқлар ошишига алоқаси йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг